Шу кунларда ижтимоий тармоқларда айрим хориж давлатлари ҳудудида болалар баъзи дори воситалари таъсирида юзага келган кучли аллергик реакция қурбони бўлишаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Бунда 3-12 ёш оралиғидаги болалар ҳаётдан кўз юмгани ва бу дориларни зинҳор истеъмол қилмаслик ҳақида огоҳлантириш бор эди. Хабарга Урганч тумани прокуратурасининг Тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ва «Хоразм дори-дармон» МЧЖ раисига йўллаган хати илова қилинди.
Хатда «ҳар қандай шароитда ҳам сотувга чиқариш мумкин бўлмаган» дори воситаларининг қуйидаги рўйхати келтирилган:
Амоксициллин;
Капесула;
Ибупрофен суспензия;
Алклофенак;
Сумамед;
Ингалипт;
Антисепт;
Инфлюцид;
Болалар панадоли;
Санасол.
Шундан сўнг, ижтимоий тармоқлар ва баъзи сайтларда яшин тезлигида ваҳимали хабарлар тарқалди. Унинг баъзиларида бу дориларни умуман истеъмол қилмасликка чақирилган бўлса, баъзиларида дориларнинг сифатини тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилиш, дори воситаларининг серияси, яроқлилик муддатига алоҳида эътибор қаратиш сўралган эди.
Вазиятни ўрганиш учун Урганч шаҳри ва тумани дорихоналарини айланганимизда, айни пайтда, дорихоналар бу дориларни сотмаслик ҳақида ҳеч қандай кўрсатма олишмагани маълум бўлди. Уларнинг баъзилари эса сотувда бор, масалан, Амоксициллин, Ингалипт ва Ибупрофен. Баъзилари эса сотувда йўқ, бунинг сабаби - уларнинг хорижда ишлаб чиқарилаётгани ва аллақачон уларнинг ўрнини эгаллаган дорилар ўзимизда ҳам, фақат бошқа номларда мавжуд.
Ҳолат юзасидан маълумот олиш учун «Хоразм дори-дармон» МЧЖ раиси Суҳбат Ражабов билан боғландик. У бизга рўйхатда келтирилган дорилар сотувини тақиқлаш бўйича ҳеч қандай буйруқ йўқлигини тасдиқлади.
«Бу дорилар зарарли, истеъмолга яроқсизлиги, уларни тақиқлаш шартлиги тўғрисидаги буйруқ мавжуд эмас. Ижтимоий тармоқларда тарқалган ҳужжат эса бунга асос бўлолмайди. Аввало, қайсидир дорини тақиқлашдан олдин, унинг номи, ишлаб чиқарилган заводи, серия рақами аниқ кўрсатилган ва белгиланган бўлиши керак. Масалан, Амоксициллин дориси бутун дунёда ишлаб чиқилади. Агар «Амоксициллин тақиқлансин» дейилса, унда шундай дорининг ҳаммаси сотилмаслиги керак, бу эса нотўғри. «Амоксициллин номли, фалон заводда, фалон вақтда ва фалон рақамли сериядаги дори тақиқлансин дейилса», бу тўғрироқ бўларди, тақиқлаш жараёни айнан шундай», - деди Ражабов «Kun.uz» мухбирига.














