Ўзбекистонда қурилган биринчи пулли йўл – 35 километрлик Урганч–Хива трассаси қиймати 150 млн долларни ташкил этди. Бу ҳақда Хоразм вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Анвар Давлетов маълум қилди.
У Мустақиллик байрами арафасида давлат раҳбари иштирокида ўтказилган янги объектларни ишга тушириш маросимида янги магистралнинг бошланғич қисмидан туриб, телекўприк орқали иштирок этди.
“Мана бугун биз 150 млн доллар инвестиция киритилиши ҳисобига амалга оширилган Урганч–Хива биринчи пулли йўлининг топширилиш жараёнида турибмиз, ҳурматли президент”, – деди Давлетов.

Жорий йил феврал ойида – ушбу пулли йўл қурилиши бошланган пайтда расмийлар лойиҳанинг умумий қиймати 120 млн доллар эканини маълум қилганди. Энди эса, лойиҳалаш ишлари билан параллел равишда олиб борилган қурилиш ишлари давомида лойиҳа қиймати 25 фоизга қимматлашгани ойдинлашди.
Феврал ойидаги расмий хабарда янги магистрал учун 17 та кўприк, 8 та йўл ўтказгич, 1 та туннел ва 5 та махсус ўтиш жойи ҳамда сув ўтказиш иншоотлари барпо этилиши айтилган эди. Қурилиш якунлангач эса, куни кеча берилган расмий ахборотда, 15 та кўприк (дастлабки хабардагидан иккитага кам), 8 та йўл ўтказгич, 1 та ер ости туннели ва бошқа инфратузилма объектлари қуриб битказилгани маълум қилинди.
Маълумот учун, лойиҳа буюртмачиси – Автомобил йўллари қўмитаси ҳузуридаги дирекция бўлиб, пудрат ишларини ҳам қўмита тасарруфидаги ташкилотлар бажарди. Лойиҳанинг молиялаш манбалари очиқланмаган.
Аввалроқ 35 километрлик йўл учун енгил автомобиллар тўлови 25 минг сўм, 28 километрлик қисқароқ масофа тўлови эса 20 минг сўм деб эълон қилинганди.
Ўзбекистонда лойиҳалаш ва қурилишни параллел олиб бориш амалиёти ўзгаради









