Биринчи пулли автомобил йўли — Урганч–Хива трассасида йўл ҳақи тўлаш тизими ҳозирча синов режимида ишламоқда. Тўлов тизими 25 августдан тўлиқ ишга туширилиши режалаштирилган.
Хабар қилинишича, енгил автомобил учун тўлиқ йўналиш бўйича йўл ҳақи 25 минг сўм, 28 км узунликдаги қисқа йўналиш учун эса 20 минг сўмни ташкил этади.
Трассанинг ўтказувчанлик қуввати кунига 30 мингдан ортиқ автомобилни ташкил этади. Йўл ҳақи автомобилларни тўхтатмасдан электрон шаклда ундирилади.
Транспорт оқими ва тўловлар СИ асосидаги тизим орқали бошқарилади, электрон ҳамённи тўлдириш ва автоматик тўлов қилиш мумкин.
“Трассада 40–130 км/соат тезликка рухсат берилган. Тўхташ, қайрилиб олиш, пиёдалар, мопедлар, от-аравалар ва тиркамали автомобиллар ҳаракати тақиқланган”, дейилади хабарда.
Президент Шавкат Мирзиёев 18 август куни Хоразм вилоятига ташрифи давомида янги «Урганч – Хива» пулли автомобил йўли билан танишганди.









