Урганч халқаро аэропортида янги йўловчи терминалини қуриш бўйича дастлабки ишлар бошланди. Айни пайтда қурилиш майдонида котлован қазилмоқда. Бу ҳақда Kun.uz мухбири қатнашган пресс-турда маълум қилинди.

Қурилиш ишларини олиб бораётган Bomi Engineering & Construction компанияси вакили  Хван Ёнгженинг Kun.uzʼга айтишича, кейинги босқичда қозиқ қоқиш ишлари бошланади.

«Ҳозир қурилишнинг дастлабки босқичидамиз, котлован қазиш ишлари бошланди. Кейинги босқичда қозиқ қоқиш ишлари олиб борилади. Аэропорт қурилишини 2028 йил охиригача якунлашни режалаштирганмиз», — деди у.

Модернизация лойиҳасининг умумий қиймати 242 млн долларга баҳоланган. Шундан 134 млн доллари хусусий шерик, 108 млн доллари давлат шериги объектларига тўғри келади.

Лойиҳа Жанубий Кореянинг Incheon International Airport Corporation компанияси иштирокида давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилмоқда. Компания 2025 йил апрелида ўтказилган халқаро тендерда ғолиб бўлган.

Келишув 22 йилга мўлжалланган бўлиб, унинг 3 йили қурилиш, 19 йили консессия даврига тўғри келади.

Лойиҳанинг асосий объектларидан бири қарийб 39 минг квадрат метр майдонга эга янги йўловчи терминали бўлади. Амалдаги терминал майдони 9,2 минг квадрат метрни ташкил этади.

Янги терминал ишга тушгач, унинг бир соатлик хизмат кўрсатиш қуввати 300 йўловчидан 1300 нафаргача ошади. Аэропорт йилига ҳозирги 1,2 млн ўрнига 3,5 млн нафаргача йўловчига хизмат кўрсата олади.

Терминалда халқаро ва ички рейслар йўловчилари оқими ажратилади. Рўйхатдан ўтиш, текширув ва багаж билан ишлаш зоналари, VIP ва  CIP заллар, Duty Free савдо майдонлари ҳамда овқатланиш шохобчалари ташкил этилади.

Хван Ёнгженинг айтишича, янги терминал дизайнида Хоразм меъморчилигига хос элементлардан фойдаланилади.

Қурилиш давомида аэропорт фаолияти тўхтатилмайди. Йўловчиларга хизмат кўрсатиш учун қурилган вақтинчалик учиб келиш терминали 2026 йил августида аэропорт фойдаланишига топширилган.

Модернизация аэродром инфратузилмасини ҳам қамраб олади. Самолётлар туриш жойлари 6 тадан 18 тагача, юриш йўлаклари сони эса 4 тагача кўпайтирилади. Шунингдек, 3300 метр узунликдаги янги учиш-қўниш йўлаги қурилиши режалаштирилган.

Аэропортдаги ёруғлик сигнализацияси ҳам CAT-Iʼдан CAT-II тоифасига ўтказилади. Янги тизим мураккаб об-ҳаво шароитида парвозларни амалга ошириш имкониятларини кенгайтириши кўзда тутилган.