Таҳририятимизга Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида яшовчи фуқаро қўнғироқ қилиб, фуқаролар сарсон-саргардон бўлаётгани ҳақидаги муаммо бўйича ўз мулоҳазаларини йўллади.
«Яхши ниятлар билан автотранспорт харид қилган эдим, расмийлаштириш учун тумандаги Оқ-ота массивида жойлашган нотариус идорасига бордим. Ҳужжатларни қабул қилиб олган нотариус ёрдамчиси тўловни амалга ошириш учун қоғозчани узатар экан «Тўйтепага бориб тўлаб келинг» деди. Нотариус идораси жойлашган жойдан Нурафшон («Тўйтепа» шаҳарнинг аввалги номи бўлиб, ҳозирда ушбу шаҳар Тошкент вилоятининг расман тан олинган маркази ҳисобланади) шаҳаргача ўртада сал кам 20 километр масофа борлигини билганим учун аввалига ходим - ё янглишди ёки ҳазиллашяпти, деб ўйладим. Аниқлик киритишга жазм этдим ва саволимга тўлов айнан «Халқ банки»нинг Нурафшон шаҳридаги филиалида амалга оширилиши лозимлиги ҳақидаги аниқ жавобни олдим. Жавобга қўшимча қилар экан, ходима буни «Халқ банки»нинг жойлардаги шохобчалари қисқартириб юборилгани билан изоҳлаб қўйди.
Начора, дея тақдирга тан бериб, Нурафшон шаҳри томон йўл олдим. Ярим соатлар чамаси йўл юриб, амаллаб «Халқ банки»ни топиб келдим. Банк ичига кирар эканман, бу бир менинг муаммом эмаслигини тушундим!
Юзга яқин тўлов қилмоқчи бўлган фуқаролару ва 2та кирим кассаси. Навбатнинг бошини топиб олиш учун ўрта ҳисобда 10 дақиқа вақтим кетди. Навбатга туриб олгач имкон топиб, вазиятга ойдинлик киритиш учун банк ходимини сўроққа тутдим. «Республиканинг топшириғи билан барча шохобчалар ёпилди. Шунинг учун барча тўловлар туман филиалида қабул қилинмоқда», дея жавоб олдим саволимга.
Бир соатлар чамаси вақт ўтиб навбатим етиб келди, лекин бу вақт орасида навбатда турганларнинг (уларнинг орасида ёш бола кўтарган келинчаклар дейсизми, кекса ёшдаги отахону-онахонлар ёки ногирон...) юзага келган вазиятдан норозилигини кўриб, тўғриси ачиниб кеттим. Ҳамма тезроқ шу тор «кулба»дан чиқиб кетсам, дейди, биров бировга навбатини берай демайди. Навбатда турганларнинг аксарияти менга таниш чеҳралар, ҳа уларни мен нотариус идорасида учратганман.
Ҳуллас, банкдаги ишим битди (деб ўйладим ҳозирча). Банк муассасасидан чиқиб, нотариус томон ошиқар эканман, кўзим бехосдан автобусдан тушаётган таниш аёлга тушди. Эътибор бериб қарасам, бундан бир неча соат аввал нотариусда мен ёнма-ён ўтирган, ёши тахминан 80га яқинлашиб қолган рус аёли, тушунишимча у ҳам тўлов қилиш учун банкни излаб келмоқда. Шунда кўнглимда кучли ўкинч ва афсус туйғусини сездим: «шу бечорагина онахонни ҳам ўзим билан бирга олиб келишим мумкин эдику, ҳеч бўлмаса ўзим билан олиб кетарман, йўғе, у аёл ҳали бир соатдан ошиқроқ навбатда турадику ахир, яхшиси ўзимнинг ишларимни битира қолай...»















