Саудия Арабистонининг Мадина ҳудудида уран концентрацияси истиқболли бўлган 110 миллион тоннага яқин руда топилди. Бу ҳақда қироллик энергетика вазири шаҳзода Абдулазиз бин Салмон Вена шаҳрида бўлиб ўтган ХАЭА бош конференциясида маълум қилди, деб хабар берди The National News.

Кон Жабал-Саид лойиҳасидаги геология-қидирув ишлари доирасида аниқланган. Урандан ташқари, руда таркибида камёб ер элементларининг, айниқса оғир элементларнинг юқори концентрацияси мавжудлиги айтилмоқда.

Вазирнинг сўзларига кўра, очилган кон дунёдаги нодир ер ресурсларини ўзлаштириш бўйича энг муҳим конлардан бирига айланади. Шу билан бирга, гап руданинг умумий ҳажми — ураннинг аниқ миқдори ва иқтисодий жиҳатдан қазиб олиш мумкин бўлган ресурслар ҳажми ҳақида бормоқда, улар ҳали очиқланмаган.

Очилиш Саудия Арабистони ва АҚШ тинч атом соҳасидаги ҳамкорлиги кенгайиши фонида юз берди. Июль ойида мамлакатлар атом энергетикасида узоқ муддатли ҳамкорликни назарда тутувчи фуқаролик ядровий ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаган эди.

Саудия Арабистони ҳам ўзининг ядро ёқилғисини ишлаб чиқариш занжирини ривожлантирмоқда ва миллий атом дастури доирасида уранни қазиб олиш ва қайта ишлаш имкониятларини ўрганмоқда.

Июль ойида АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти Саудия Арабистонига ядро қуроли ишлаб чиқарилишининг олдини олишга қаратилган халқаро кафолатларни жорий этмасдан уранни бойитиш билан шуғулланишга рухсат беришга олдиндан рози бўлган эди.

CNN билан суҳбатлашган экспертлар, агар қатъий кафолатлар жорий этилмаса, келишув Саудия Арабистонига ядровий қуролга эга бўлиш йўлини очиши мумкинлигини айтмоқда. Шу билан бирга, аввалроқ мамлакат валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон агар Эрон ўз бомбасини яратса, ядро қуролини яратиш билан таҳдид қилган эди.

Саудия Арабистони 1988 йилдан буён Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартноманинг тўлақонли иштирокчиси, шунингдек, Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) аъзоси ҳисобланади. Мамлакат ядровий ёқилғини хориждан сотиб олади, шу билан бирга ядровий инфратузилмани мустақил равишда ривожлантиради. Мамлакат стратегияси босим остидаги сувли йирик реакторлар, кичик модулли реакторлар (КМР) ва ураннинг ички захираларидан фойдаланиш учун тўлиқ ядровий ёқилғи циклини ривожлантиришга қаратилган.