15:27 / 01.07.2018
7958

Барак Обама оммавий сиёсатдан четлашди, аксарият унинг қайтишини истамоқда

Июнь ойи охирида New York Magazine'да сиёсий шарҳловчи Гэбриэл Дебенедеттининг "Барак Обама қаерда?" номли мақоласи тақдим этилди. Нашрда қайд этилишича, Дональд Трамп АҚШ президенти этиб сайланганидан кейин Обама сиёсатни тарк этди ва 2017 йилдан бери катта ўзгаришлар кузатилган мамлакатдаги вазиятга деярли изоҳ бермаган. Бу кўплаб америкаликлар ва унинг Демократик партиядаги баъзи ҳамкасбларининг ҳайратига сабаб бўлмоқда. 

Фото: Alex Wong/Getty Images North America

Трамп инаугурациясидан ярим йил ўтгач Обама эҳтиёткорлик билан баъзи сиёсий баёнотларини билдирди — бу Obamacare тиббий суғурта тизими ҳимояси ва иқлим ўзгаришига доир Париж шартномасини қўллаб-қувватлашга тегишлидир. Ҳатто Трамп бойскаутларнинг миллий съездидаги иштирокига сиёсий тус бериб, саҳнадан туриб Обамани бирор марта скаутлар олдида чиқиш қилмаганида айблаган бўлса-да, у сукут сақлашни маъқул топган, дейилади манбада. 

Сўнгги бир ярим йилда сиёсатчилар, оддий америкаликлар ва машҳур шахслар бир неча марта "Обама қаерда?" саволини беришди. 2017 йилнинг ноябрида Saturday Night Live телешоусида "Барак, қайт" мусиқий номери ҳавола этилди, баскетболчи Кобе Брайант эса "Биз барчамиз уни соғиняпмиз" деди. ФРБ собиқ директори Жеймс Коми ҳам шунга иқрор бўлди. Обама мамлакат аҳолиси томонидан ҳам кенг миқёсда қўллаб-қувватланмоқда: ҳозир унинг АҚШ президенти лавозимидаги фаолиятини америкаликларнинг деярли учдан икки қисми ёқлайди. 

Фото: Elsa/Getty Images

"Одамлар унинг аралашувини кутишда давом этишмоқда, уни сўрашмоқда ва ҳатто шундай бўлмаётганидан таассуфдалар, - дейди Обаманинг алоқалар бўйича собиқ ёрдамчиси Женнифер Палмиери. - Улар "отаси", уйини соғинишган; дунё шу қадар тушунарсиз вазиятдаки, одамлар таниш ва қадрдон кишисини соғинмоқда".

New York Magazine шарҳловчисининг фикрича, Трамп бошқаруви тугаганидан кейин, эҳтимол, Америка Обама "унинг даражасигача тушмаганини" қадрлар, бироқ собиқ президентнинг сиёсатдан четлашуви етакчиликдан бевақт воз кечиш бўлиб чиқиши ҳам мумкин. "Гап шундаки, бу вазият барча собиқ президентларнинг вазиятидан фарқланади, - деди нашрга тарихчи Жулиан Зелицер. - Мамлакат бошқарувида қандайдир инқироз сезилмоқда".

Фото: Chicago Tribune/TNS/Getty Images

Обама президентлик лавозимини тарк этганидан кейин пулли маърузалар ўқиб, бутун дунёни кезди, собиқ ва амалдаги сиёсий етакчилар билан учрашди. Энг қизиғи, буларнинг бари оммага ошкор этилмади. "У бу халқаро дипломатия ўйинига ўхшаб кўринмаслиги учун астойидил ҳаракат қилади, лекин унга яқин одамларнинг ишонч билан таъкидлашича, бу учрашувлар дунё сўнгги манзилига етиб келмаганига ўзига хос кафолат сифатида ўйланган", - деб ёзади New York Magazine.

Собиқ президентнинг икки асосий янги иши - бу китоблар ёзиш ва шахсий фондининг яратилиши. 2017 йилда Барак ва Мишель Обамалар Penguin Random House нашриёти билан мемуарларни чоп этишга доир битим имзолашди; собиқ биринчи рақамли хонимнинг китоби 2018 йилнинг ноябрида тақдим этилиши кутилмоқда, Барак Обаманинг хотиралари тақдири эса ҳозирча номаълум. Обаманинг танишларидан "унинг эришаётган ютуқлари ҳақида сўрашганда хўрсиниб қўйишади". Улар Обама китоб устидаги ишларга кўп вақт ажратгани, лекин кўпинча дўстлари ва собиқ ҳамкасблари билан учрашувларга чалғиётганини таъкидлашмоқда. 

Фото: Chicago Tribune/Erin Hooley

Обаманинг фонди "янги етакчилар"ни тарбиялашга доир глобал ташаббус сифатида ўйланган; 2018 йилда Чикаго университетида фонд билан ҳамкорликдаги таълим дастурига старт берилган, 2021 йилда эса шаҳарда Президент маркази ва музейи очилиши керак. 

Манбада қайд этилишича, Барак Обама мунтазам равишда лойиҳа устида ишлаётган меъморлар ва салоҳиятли ҳомийлар билан учрашмоқда. Вазият билан таниш манбаларнинг нашрга маълум қилишича, Обаманинг мақсади — фонд фаолияти учун 500 миллион доллардан  миллиард долларгача маблағ йиғиш; бир марталик хайрия суммаси 10 ва ҳатто 20 миллионгача етиши мумкин. Йирик маблағ ажратганлар орасида — Билл ва Мелинда Гейтслар фонди, миллионер ва филантроп Марк Бениофф ва Ҳолливуд режиссёри ва продюсери Жей Жей Абрамс.

АҚШнинг собиқ биринчи жуфтлиги шунингдек фильм ва сериаллар ишлаб чиқариш билан шуғулланишни режалаштиришмоқда. 2018 йилнинг май ойида Барак ва Мишель Обамалар Netflix билан шартнома имзолаб, шахсий Higher Ground Productions продюсерлик компаниясини ишга туширишди. Бироқ манбаларнинг айтишича, биринчи релиз 2019 ёки 2020 йилдагина чиқиши мумкин.

Фото: The Washington Post/Getty Images

New York Magazine'да таъкидланишича, Барак Обаманинг Америка сиёсатига аралашиш истаги бўлмаса-да, у Трамп бошқаруви кетидан республикачилар бекор қилишга қарор қилган Obamacare дастурини қутқаришга уринишида норасмий муҳим роль ўйнади. Обама маъмуриятининг собиқ ходимлари дастурни қўллаб-қувватловчи оммавий кампанияни ташкил қилишди. Уларга ҳатто тиббий суғуртанинг бошқа дастури ҳисобланган Medicare'ни қўллаб-қувватловчи Берни Сандерс ҳам қўшилди. Обама Obamacare'ни қўллаб-қувватловчи бирорта расмий тадбирда иштирок этмади, лекин ўзининг "Фейсбук"даги саҳифасида амалдаги маъмуриятнинг хатти-ҳаракатларини танқид қилди. Сенатдаги овоз бериш жараёнидан олдин эса Аляска губернаторига қўнғироқ қилди, зеро натижалар айнан шу штат сенаторининг овозига боғлиқ эди. 

Обама шунингдек АҚШнинг собиқ бош прокурори Эрик Холдерга Демократик партияни ислоҳ қилишга доир қўмита ташкил қилишга ёрдам берди, New York Magazine буни "узоқ муддатли ислоҳотларни кўзлаб, вақти-вақти билан сиёсатга қайтиш учун яхши имкон" эканини қайд этди. Партия етакчилари билан суҳбатларда собиқ президент конгресс сайловларида демократларни қўллаб-қувватлашга, сайлов кампанияларига маблағ жалб қилишга ёрдам беришга ваъда берди. Бироқ кўп партиядошлари уни ўз фонди фаолияти учун пул йиғиб, кўп салоҳиятли ҳомийлар ресурсларини сарф қилгани учун танқид қилишмоқда.

Барак Обаманинг ўзи 2018 йилги сайловларда асосий номзод бўлмаслигини ва партиянинг янги етакчиларига ишонч билдираётганини таъкидламоқда. У бу ҳақида баёнот билдирмай, 2020 йилда президентлик пойгасида иштирок этиши мумкин бўлган ёш ва умидли демократ-сиёсатчиларга шахсан маслаҳатлар бермоқда. Бундан эса унинг келаси пойгада қатнашиш истаги йўқлигини сезиш қийин эмас.

Top