Ўзбекистон | 10:40 / 05.07.2018
17297
3 дақиқада ўқилади

Саноат корхоналари ва автомобиль ювиш шохобчалари учун сувдан фойдаланиш солиғи оширилди

Фото: Коммерсант.Уз

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2 июль куни имзоланган «Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ–3823-сон қарорига кўра, Ўзбекистонда 2018 йилнинг 1 октябридан бошлаб ер усти ва ер ости сув манбааларидан фойдаланиш солиғи оширилди.

1 октябрдан саноат корхоналари ва автомобилларни ювиш шохобчалари учун сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ошади. 

Жумладан, автомобилларни ювиш шохобчалари солиқлар йиғиш тизимидан қатъи назар (солиқ йиғишнинг умумий ёки соддалаштирилган тартиби), ҳатто ягона солиқни тўлаган бўлса ҳам, ушбу солиққа тортилади.

Юқоридаги фармонга кўра, 1 октябрдан сув ресурсларидан фойдаланганлик учун қуйидагича солиқ тўланади:

Иқтисодиётнинг барча тармоқ корхоналари (2—6-бандларда кўрсатилганларидан ташқари), деҳқон хўжаликлари (юридик ва жисмоний шахслар), шунингдек тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш жараёнида сув ресурсларидан фойдаланадиган жисмоний шахслар — ерусти сув ресурслари манбалари учун 98,2 сўм, ерости сув ресурслари манбалари учун 124,8 сўм;

Саноат корхоналари (3—6-бандларда кўрсатилганларидан ташқари) — ерусти сув ресурслари манбалари учун 300,3 сўм, ерости сув ресурслари манбалари учун 360,0 сўм;

Автотранспортлари ювишга ихтисослаштирилган корхоналар — (Мазкур корхоналар сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни солиқ солиш тизимидан (солиқ солишнинг умумбелгиланган ёки соддалаштирилган тартиби) қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланган тартибда тўлайди) — ерусти сув ресурслари манбалари учун 1000,0 сўм, ерости сув ресурслари манбалари учун 1250,0 сўм;

Электр станциялари — ерусти сув ресурслари манбалари учун 28,4 сўм, ерости сув ресурслари манбалари учун 42,2 сўм;

Коммунал хизмат кўрсатиш корхоналари — ерусти сув ресурслари манбалари учун 53,9 сўм, ерости сув ресурслари манбалари учун 69,7 сўм;

Алкоголсиз ичимлик ишлаб чиқарувчи корхоналар:
алкоголсиз ичимлик ишлаб чиқариш учун фойдаланган сув ҳажми учун — ерусти сув ресурслари манбалари учун 15 870 сўм, ерости сув ресурслари манбалари учун 15870 сўм;
бошқа мақсадларда — ерусти сув ресурслари манбалари учун 98,2 сўм, 124,8 сўм.

Президент томонидан 2019 йилги Давлат бюджетини шакллантиришда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларини танқидий равишда қайта кўриб чиқиш топширилди. 1.10.2018 йилга қадар сув ресурсларидан фойдаланувчилар хатловдан ўтказилади.