Бекобод тумани туғуруқxонасида бир аёл ва 2 гўдак 2 кун ичида вафот этди
2018 йил 29 июнда Тошкент вилояти Бекобод тумани туғуруқхонасида учинчи фарзандини дунёга келтиришга уриниш чоғида Сирдарё вилояти Ширин шаҳарчасида истиқомат қилиб келган, асли Бекобод тумани Далварзин 1-бўлим Боғишамол МФЙда вояга етган, 1987 йилда туғилган К.А. вафот этди. Икки қизнинг онаси бу сафар ўғил кутаётган эди. Аммо она-бола бир қабрга қўйилди. К.А. учинчи фарзандини ҳам турмуш ўртоғи Қозоғистонда меҳнат муҳожири бўлгани сабабли Бекобод туманида дунёга келтиришга қарор қилган.
Бу мудҳиш воқеадан бирор кун орасида ушбу туғуруқхонада яна бир гўдак ҳалок бўлди. Бу сафар Далварзин 1-бўлим Боғишамол МФЙ, Пахтазор кўчасида истиқомат қилувчи М.А.нинг 9 ой кўтариб юрган қизалоқ жигарбанди ёруғ дунёни кўрмади.
Бекобод туман суд-тиббий экспертиза бўлинмаси томонидан берилган 80-маълумотномада аёл ўлимига ички ва ташқи қон кетиш, постгеморрагик шок ва бачадон ўнг томондан ёрилиши сабаб бўлгани айтилади.
KUN.UZ сайёр гуруҳи мазкур фожиалар бўйича батафсил маълумот тўплаш, туман ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қандай чоралар кўрилаётганига доир ахборот олиш мақсадида Бекобод туманига борди.
Туман прокуратураси терговчиси, кичик адлия маслаҳатчиси Алишер Бобоқулов айни ҳолат юзасидан тергов ишларини олиб бораётганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, 2018 йил 2 июль куни ЎзР ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноий иш қўзғатилган. Бироқ кимга нисбатан ёки қайси ҳолат бўйича экани, тергов сири бўлгани сабабли маълум қилинмади.
Айни вақтда таҳририят ихтиёрида фожиа қандай бўлганига доир айрим ишончли маълумотлар мавжуд. Бироқ уларни биз ҳам қонунчилик талабидан келиб чиққан ҳолда, ҳозирча эълон қилишни режалаштираётганимиз йўқ. Шу муносабат билан KUN.UZ сайти Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси, қолаверса Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигидан мазкур ҳолатлар бўйича изоҳ кутиб қолади.
Мавзуга оид
13:38 / 08.11.2024
Миср Тошкент вилоятида кўчмас мулк соҳасига инвестиция киритмоқчи
21:15 / 07.11.2024
Тошкент вилоятида иситиш мавсуми 8 ноябрдан бошланади
11:53 / 06.11.2024
Зойир Мирзаев Тошкент вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди
22:14 / 05.11.2024