Тошкент вилоятининг Қорасув–Бўка–Бекобод автомобил йўлида Spark қарама-қарши йўлга чиқиб кетиб, йўл чеккасига ағдарилиши оқибатида икки киши ҳалок бўлди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода Spark қувиб ўтиш манёврини амалга оширмоқчи бўлганида Cobalt унинг йўлини сиқиб чиққани, натижада Spark қарама-қарши йўлга чиқиб кетиб, ағдарилгани, Cobalt эса воқеа жойидан кетиб қолганини кўриш мумкин.
Хабарларда воқеа жойидан кетиб қолган Cobalt автомобилининг давлат рақам белгиси кўринмагани сабабли қидирувда экани айтилганди.
Тошкент вилояти ИИББ хабар беришича, воқеа 15 август куни, соат 09:30 ларда содир бўлган. Шу куннинг ўзида Cobalt ҳайдовчиси, 30 ёшли X.А.нинг шахсига аниқлик киритилиб, ушланган.
«Миллар» дастурига кўра, вафот этганлар 39 ёшли эркак ва унинг 5 ёшли фарзанди бўлган. Яна бир аёл шифохонага ётқизилган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одамлар ўлимига сабаб бўлиши) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари бошланган.









