Ўзбекистон бўйлаб хостеллар фаолиятини йўлга қўйиш тартиби соддалаштирилди, харажатлар камайтирилди
Ўзбекистондаги туризм инфратузилмаси ва хостел бизнесини ривожлантиришни рағбатлантириш ҳамда замонавий хостеллар тармоғини шакллантириш мақсадида 10 июль куни Ўз ДСт 3220 стандартига ўзгаришлар киритилди. Бу ўзгаришлар тадбиркорларга хостеллар фаолиятини йўлга қўйишда харажатларни сезиларли даражада камайтириш имконини беради.
Ўзгаришларга кўра, қатор талаблар бекор қилинган – масалан, хостелга алоҳида кириш жойининг бўлиши, беш қаватдан юқори бўлган биноларда лифтнинг, ижтимоий ва хизмат иншоотлари, сув заҳираси бўлган идишларнинг бўлиши, ҳар бир зиёратчини ҳисобга олган ҳолда муайян майдон зарурати ва ҳ.к. Бундан ташқари, персоналга бўлган талаблар ҳам анча қисқартирилган.
Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда туристлар учун ҳамёнбоп жойлашув воситалари, хостеллар кўпайишидан манфаатдор. Бозор таҳлиллари натижасида соҳанинг кўплаб вакиллари ва хорижий экспертлар билан маслаҳатлашиб, шундай хулосага келинган.
Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг KUN.UZ'га маълум қилишича, бугунга келиб кўплаб хостеллар тармоқлари Ўзбекистонга киришни ва бутун мамлакат бўйлаб хостеллар тармоқлари фаолиятини йўлга қўйишни мўлжалламоқда. Бунда, албатта, асосий эътибор мамлакатнинг диққатга сазовор иншоотлари жойлашган ерлар ва тоғли ҳудудларга қаратилади. “Бу индивидуал сайёҳларга Ўзбекистонга келиб саёҳат қилиш учун катта қулайлик яратади. Биз маҳаллий инвесторларни кичик хостеллар қуриш учун ер олиш ёки мавжуд иншоотларда хостеллар фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида жойлардаги ҳокимликларга мурожаат қилишга чақирамиз. Шу билан бирга, Ўзбекистонда хостеллар фаолиятини йўлга қўйиш истагида бўлган хорижий мамлакатлардаги инвесторларни ҳам кутиб қоламиз”, - дейди Абдухакимов.
Туризм соҳасидаги янги трендларга тезкор мослашиб, кенг сегмент талабини қондира олувчи хостел саноатини ривожлантириш сўнгги вақтларда Ўзбекистонда катта аҳамият касб этмоқда.
Хостел – ўз-ўзига хизмат қилишга мўлжалланган жойлашув воситалари, ассортименти чекланган таомнома ёки ускуналар, шунингдек бошқа қўшимча хизматларни тақдим этувчи корхона. Ички бозорда рақобатбардошликни қўллаб-қувватлаш ва кўп сонли сайёҳларни жалб қилиш мақсадида хостеллар одатда йирик шаҳарлар марказларида, асосий маданий марказлар ва тарихий обидалар яқинида, шунингдек темир йўл вокзаллари, автобус станциялари ва мунтазам равишда фестиваллар, ярмаркалар, кўргазмалар ва бошқа оммавий тадбирлар ўтказиладиган жойларда жойлашган бўлади.
Хостеллар жозибадорлигининг асосий омили уларнинг хорижий ва маҳаллий туристлар томонидан талабгорлиги ҳисобланади, бу айниқса даромад даражаси у қадар юқори бўлмаган кишилар учун айни муддаодир.
Мавзуга оид
13:48 / 13.11.2024
Жаҳон банки вакили Ўзбекистоннинг COP29’даги павилёни билан танишди
19:32 / 07.11.2024
Трамп Ўзбекистон билан муносабатларни қандай олиб боради?
17:48 / 06.11.2024
«Ўзбекистон қитъаларимиз чорраҳасида жойлашган ва глобал алоқаларимиз марказида бўлиши лозим» — Урсула фон дер Ляйен
21:49 / 04.11.2024