Ўзбекистон | 17:06 / 24.07.2018
6152
2 дақиқада ўқилади

ИИББ Тошкентда дарахтларнинг кесилиш ҳолати бўйича «махсус назорат» жорий қиляпти

Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Жаҳонгир Ортиқхўжаев пойтахт ИИББ бошлиғи Рустам Жўраев ва Жамоатчилик кенгаши раиси Хикмат Абдураҳмонов билан дарахтларни ноқонуний кесиш масаласини муҳокама қилди.

Фото: Facebook /Hikmat Abdurahmanov

«Учрашув давомида ушбу муаммони дарҳол ҳал қилиш бўйича турли таклифлар муҳокама қилинди, у кучли ижтимоий резонансни келтириб чиқармоқда. Ҳоким фақат қуриган ва касалланган дарахтларни ҳокимнинг имзоси қўйилган ҳамда тегишли рақамланган ҳолда кесиш учун ягона рухсатнома беришни таклиф этди», - дея хабар беришди Жамоатчилик кенгашидан.

Ҳоким дарахтларни экиш учун ҳашар ўтказиш таклифини илгари сурди. Бундан ташқари, мебель ишлаб чиқариш цехларининг фаолиятини тартибга солиш масаласи кўтарилди, «бунга солиқ органларини жалб этишга қарор қилинди».

Рустам Жўраевнинг сўзларига кўра, бундан буён «ички ишлар идоралари дарахтларни кесиш бўйича шикоятларга жавоб бериш устидан махсус назорат ўрнатади». «Биз шаҳар аҳолисини 102 рақамига қўнғироқ қилишга чақирамиз. Биз албатта чора кўрамиз», деди у. ИИББ бошлиғи тахтани олиб чиқиб кетиш ҳолатлари юзасидан юк автомобилларини назорат қилиш кучайтирилишини билдирди.

Шунингдек, ушбу масала юзасидан аризалар сони тўғрисида хабардор қилиш бўйича биргаликда ишлашга келишиб олинди. «Жамоатчилик кенгаши ушбу масала бўйича ИИББ статистикаси ҳақида аҳолини ҳар ҳафта хабардор қилади», - деди ИИББ ҳузуридаги мультимедиа маркази раҳбари ўринбосари Ирина Сайфуллина.

Мавзуга оид