Ўзбекистон | 09:49 / 28.07.2018
13800
3 дақиқада ўқилади

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни рўйхатга олиш тўғрисидаги гувоҳномани расмийлаштириш бекор қилинади

Фото: iStock

Ўзбекистон Республикаси президенти “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ва Адлия вазирлигининг 2018 йил 1 октябрдан кўчмас мулкка (ер участкалари, бино ва иншоотлар, кўп йиллик дов-дарахтларга) бўлган ҳуқуқни рўйхатга олиш тўғрисидаги гувоҳномани расмийлаштиришни бекор қилиш, тегишли ёзувни кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар ва улар билан тузилган битимлар давлат реестрига электрон шаклда киритиш тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

2018 йил 1 октябрдан шундай тартиб жорий этиладики, унга кўра: 

кўчмас мулкка бўлган эгалик ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар тўғрисидаги, шу жумладан, ушбу ҳуқуқларнинг вужудга келиши, ўтиши, чекланиши ва бекор қилиниши, шунингдек, улар билан тузилган битимлар ҳақидаги ахборот маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат нотариал идоралари, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг ҳудудий тузилмалари, шунингдек, бошқа ваколатли органлар томонидан “Давергеодезкадастр” қўмитасининг ҳудудий органларига тегишли хатти-ҳаракатлар содир этилган кундан бошлаб бир кун муддатда ахборот-коммуникация тизимларидан фойдаланган ҳолда тақдим этилади; 

“Давергеодезкадастр” қўмитасининг ҳудудий органлари ушбу банднинг иккинчи хатбошисида назарда тутилган ахборотга асосан кўчмас мулкка бўлган тегишли ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширади; 

жисмоний ва юридик шахслар мурожаат қилганда, давлат ва бошқа ташкилотлар сўров юборганда “Давергеодезкадастр” қўмитасининг ҳудудий органлари кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар ва улар билан тузилган битимлар давлат реестридан тегишли ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлигини тасдиқловчи электрон ва (ёки) қоғоз шаклдаги кўчирмани тақдим этади. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда ушбу банднинг талабларидан келиб чиққан ҳолда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ва улар билан тузилган битимларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини қайта кўриб чиқади.  

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид