Ер участкаларини доимий фойдаланишга беришнинг ҳуқуқий асослари қандай?
Мамлакатимиз иқтисодий барқарорлиги ва аҳолининг муносиб ҳаёт кечиришини таъминлашда, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда ер майдонларини доимий фойдаланишга бериш, ер майдонларидан самарали фойдаланиш асосида ишбилармонлик муҳитини яратиш масаласи алоҳида ўрин тутади. Давлат раҳбарининг жорий йил 20 апрелда қабул қилинган “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазкур соҳадаги ислоҳотларнинг изчил давоми десак муболаға бўлмайди.
Эндиликда мамлакатимизда тадбиркорлик ҳамда шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш тартиби тубдан такомиллаштирилгани ва унинг ҳуқуқий асослари яратилганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Қарорга мувофиқ, 2018 йилнинг 1 июлидан бошлаб юридик ва жисмоний шахсларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончасида электрон аукцион орқали амалга оширилмоқда.
Ер участкаларини бериш бўйича материалларни йиғиш, кўриб чиқиш ва ваколатли органлар ҳамда ташкилотлар билан келишиш фақат замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда электрон шаклда амалга оширилиши йўлга қўйилди.
Аукцион ўтказилиши тўғрисидаги хабарнома оператор веб-порталида у ўтказилишидан камида 30 календарь кун аввал жойлаштирилиши керак.
Аукцион 2 шаклда ўтказилиши мумкин:
ёпиқ аукцион — бу акционда фақат ер участкаси жойлашган туман ёки шаҳарда рўйхатга олинган юридик ва доимий яшовчи жисмоний шахслар иштирок этишлари мумкин;
очиқ аукцион — унда барча юридик ва жисмоний шахслар иштирок этади.
Электрон аукционда иштирок этишга буюртманомалар хабарнома жойлаштирилган кундан бошлаб автоматик тарзда қабул қилинади.
Буюртманомаларни қабул қилиш аукцион ўтказиш кунидан 2 иш куни олдин, соат 13:00 да якунланади.
Буюртманома сайтда тўлдирилади ва электрон рақамли имзо билан тасдиқланади. Бунда махсус электрон рақамли имзо аукцион оператори — Мажбурий ижро бюроси қошидаги “Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази” давлат унитар корхонаси томонидан берилади.
Шунингдек, участка бошланғич қийматининг 20 фоизи миқдорида закалат киритиш ва буюртманомада тўлов ҳужжати реквизитларини кўрсатиш талаб этилади. Тўлов ҳужжатининг тўлов мақсадида лот рақами кўрсатилган бўлиши лозим. Шу билан бирга, ҳар бир объект бўйича алоҳида тўлов ҳужжати талаб этилади.
Ер участкасининг бошланғич нархи қуйидагиларни ўз ичига олади:
бир йиллик ер солиғи ставкаси миқдори;
ер участкасини танлаш материалларини тайёрлаш ишларининг қиймати: майдони 0,01 гектардан 0,05 гектаргача бўлганда — 2 ЭКИҲ;
0,05 гектардан 0,1 гектаргача бўлганда — 3 ЭКИҲ;
0,1 ва ундан кўп гектар бўлганда — 5 ЭКИҲ миқдорида.
Аукцион иш куни мобайнида, яъни соат 9:00 дан 18:00 гача — у якунлангунга қадар иштирокчилар шахсини ошкор қилмасдан ўтказилади. Бироқ бу иштирокчилар кун давомида ўзлари учун қулай пайтда таклифларини билдиришга ҳақли эканини англатмайди.
Аукцион якунлангач, унинг натижалари порталда эълон қилинади, шунингдек, аукцион ташкилотчиси унинг баённомасини тегишли ҳокимликка юборади. Ҳокимлик 3 кун давомида ер участкасини ажратиш тўғрисида қарор чиқаради ҳамда уни ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг туман ё шаҳар филиалига юборади. У ерда участканинг кадастр ҳужжатлари белгиланган тартибда расмийлаштирилади.
Бундан ташқари, Президент қарори ижроси доирасида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 июндаги “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга беришнинг замонавий ва шаффоф механизмларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ҳукумат қарорига асосан қуйидагилар белгиланди:
Биринчидан, бўш ер участкаларининг рўйхати кейинчалик уларни тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш мақсадида доимий фойдаланишга бериш учун ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхоналарининг туман ёки шаҳар филиаллари томонидан тузилади.
Иккинчидан, ер участкаларини бериш бўйича материалларни тўплаш, кўриб чиқиш ва ваколатли органлар ҳамда ташкилотлар билан келишиш “YERELEKTRON” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали электрон шаклда амалга оширилади.
Учинчидан, “YERELEKTRON” ААТни яратиш ишлари Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг Ер муносабатлари ва давлат кадастрларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Тўртинчидан, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси “YERELEKTRON” ААТ оператори ҳисобланади.
Бешинчидан, “E-IJRO AUKSION”нинг ягона электрон савдо майдончасида ўтказиладиган электрон аукционларда ер участкаларидан доимий фойдаланиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси қошидаги “Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази” давлат унитар корхонаси томонидан амалга оширилади.
Олтинчидан, электрон аукционга қўйиладиган бўш ер участкаларининг рўйхати туман ёки шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланади.
Еттинчидан, ер участкалари рўйхатларини ўз вақтида шакллантириш ва тасдиқлаш ҳамда уларни электрон аукционга қўйишни мувофиқлаштириш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан таъминланади.
Саккизинчидан, тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга ажратиш тўғрисида электрон аукцион натижалари асосида қабул қилинган қарорларнинг бекор қилинишига йўл қўйилмайди. Электрон аукцион ғолиблари томонидан қабул қилинган мажбуриятларга риоя этмаслик ва ер участкаларининг давлат ҳамда жамоат эҳтиёжлари учун белгиланган тартибда олиб қўйилиши бундан мустасно.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан:
аввало, ҳисоб-китоб (смета) қиймати икки миллиард сўм ва ундан юқори бўлган объектларни қуриш ва реконструкция қилишнинг манзилли рўйхатини Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати даражасида тасдиқлаш;
шунингдек, қурилиш (реконструкция, капитал таъмирлаш) қиймати олдин эълон қилинган қийматидан ошган ижтимоий ва фуқаролик аҳамиятга эга объектлар бўйича хулосалар бериш бекор қилинди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг, хусусан, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг асл мақсади — иқтисодиётнинг барча тармоқларида ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш орқали барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш ва шу асосда аҳоли турмуш фаровонлигини муттасил ошириб боришга эришишдан иборат. Ушбу мақсадга эришишда тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратиш муҳим аҳамият касб этади.
Маълумот учун:
"YERELEKTRON" автоматлаштирилган ахборот тизими — ер участкалари бериш бўйича материалларни тўплаш, кўриб чиқиш ва ваколатли органлар ва ташкилотлар билан келишиш тартиботларини амалга ошириш учун автоматлаштирилган ахборот тизими.
"E-IJRO AUKSION" ягона электрон савдо майдончаси — аукционларни ташкил этиш ва ўтказиш учун зарур бўлган ахборотни киритиш, сақлаш ва қайта ишлаш, шунингдек, манфаатдор шахс¬ларнинг электрон аукционлар жараёнларидан оператор веб-портали орқали бевосита фойдаланиш имкониятини таъминлайдиган ахборот тизими.
Мавзуга оид
16:17 / 23.12.2024
Давлат харидлари тизимини такомиллаштириш стратегияси ишлаб чиқилди
14:34 / 20.12.2024
Янгиланган Божхона кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилади
14:30 / 20.12.2024
Ўзбекистонда камида 100 млрд сўм солиқ тўлаётган 142 нафар “чемпион” тадбиркор пайдо бўлди
14:14 / 20.12.2024