Олимлар тахминан 11,5 ёруғлик йили узоқликда жойлашган GJ 725A қизил митти юлдуз тизимидан 45 мегагерц частотали сирли радиосигнални қайд этди. Бу — юлдуз тизимидан келган когерент радионурланишнинг шу пайтгача ишончли қайд этилган ва тасдиқланган энг паст частотали сигнали.
Кашфиётни Нидерландия радиоастрономия институти ва Амстердам университети мутахассислари ҳам кирган халқаро астрономлар жамоаси амалга оширди. Сигнал LOFAR радиотелескопи ёрдамида осмонни кенг кўламда кузатиш пайтида аниқланди.
Радиотўлқинлар кучли доиравий қутбланишга эга экани маълум бўлди — бу кўрсаткич тахминан 74 фоизни ташкил этди. Сигнал 42–50 мегагерц диапазонида аниқланган: у бир соатлик кузатув давомида сақланган, бироқ бошқа кузатув даврларида қайд этилмаган. Тадқиқотчилар иш натижаларини arXiv.org сайтидаги препринтда тақдим этди.
Аниқ астрономик таҳлил радиотўлқинлар манбаи айнан GJ 725A юлдузи билан боғлиқ эканини, унинг ҳамроҳ юлдузига тегишли эмаслигини тасдиқлади. Сигналнинг ёрқинлиги ниҳоятда юқори бўлгани сабабли олимлар одатий нурланиш механизмларини дарҳол истисно қилди. Улар бу ерда Қуёш тизимидаги улкан сайёраларда қутб ёғдуларини юзага келтирадиган махсус физик жараён амал қилаётган, деган хулосага келди.
Ҳозирча астрономларда бу сирли сигналнинг келиб чиқиши ҳақида учта асосий тахмин бор. Биринчидан, манба юлдуз атрофида кенг орбита бўйлаб айланаётган, ҳали кашф этилмаган йирик сайёрадаги қутб ёғдуси бўлиши мумкин.
Шу билан бирга, бундай фаразий йирик сайёранинг кучли магнит майдонига эга бўлишининг ўзи етарли эмас. Ҳисоб-китобларга кўра, сайёра юлдуздан анча узоқда бўлса, юлдуз шамоли керакли қувватдаги радионурланишни ҳосил қилишга етмайди. Шу сабабли муаллифлар бундай сайёранинг фаол вулқонларга эга табиий йўлдоши бўлиши мумкинлигини тахмин қилди. Бунга Қуёш тизимидаги Юпитернинг Ио йўлдоши ўхшаш мисол бўла олади.
Иккинчидан, радиочақнаш юлдузнинг ички фаоллиги туфайли юзага келган бўлиши мумкин. Бироқ бу объектнинг одатий фаоллиги жуда паст ҳисобланади: у ўз ўқи атрофида тахминан 103 кунда бир марта айланади ва фаоллиги ниҳоятда суст деб баҳоланади.
Учинчидан, радиотўлқинлар юлдуз билан аввалдан маълум бўлган кичик тошли GJ 725Ab сайёраси ўртасидаги доимий магнит ўзаро таъсир натижасида пайдо бўлиши мумкин. Бу сайёра юлдуз атрофини атиги 11 суткада тўлиқ айланиб чиқади.
Бироқ бу тахминни изоҳлаш қийин. GJ 725Ab массаси Ер массасининг 2,8 ± 0,4 бараварига тенг. Кенг тарқалган моделларга кўра, бундай кучли радиосигнални ҳосил қилиш учун зарур магнит майдонига эга бўлишга сайёранинг массаси жуда камлик қилади.












