Жаҳон | 00:00 / 03.08.2018
6658
2 дақиқада ўқилади

Саудияликлар Ямандаги порт шаҳарни бомбалаши оқибатида 30 киши ҳалок бўлди

© AFP 2018 / Saleh Al Obeidi

Саудия Арабистони бошчилигидаги араб коалициясининг Ямандаги Қизил денгиз бўйидаги Ходайда шаҳрига ҳужуми оқибатида ас-Саура шифохонасида 30 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда ҳусийчиларга алоқадор «Ал-Масира» телеканали хабар тарқатди.

Шифокорларга асосланган ҳолда хабар берган телеканал маълумотига кўра, порт-шаҳарга берилган авиазарбадан кейин шифохонанинг ўзидан 20дан ортиқ кишининг жасади ҳарбий госпиталга олиб борилган. Шунингдек, ҳужум оқибатида камида 35 киши жароҳатланган.

Араб коалицияси томонидан қўллаб-қувватлаб келинаётган Яман президенти Абд Раббо Мансур Ҳодий кучлари кўп вақтдан буён Ходайда учун ҳусийчилар билан уруш олиб бормоқда. Қизил денгиз бўйида жойлашган бу порт-шаҳар стратегик жиҳатдан катта аҳамиятга эга ҳисобланади. Ҳусийчилар назоратида бўлган шимолий Яманга гуманитар ёрдам ҳам ушбу шаҳар орқали ўтказилади.

Коалиция томони шаҳар бетараф кучларга топширилиши ва халқаро ҳамжамият назоратида бўлишини таклиф этган, аммо ҳусийчилар бунга рози эмас. Ўтган якшанба куни улар коалицияни ҳаёт учун муҳим инфратузилмалар бўйлаб, хусусан, Ходайда шаҳрини сув билан таъминлайдиган объектлар бўйлаб авиазарбалар йўллашда айблашганди.

БМТ Бош котибининг Яман масаласи бўйича вакили Мартин Гриффитснинг ўтган ҳафтада ҳусийчилар билан навбатдаги музокаралари ҳам муваффақиятсиз якунланганди.

Яманда 2014 йилдан буён сунний маҳзабда бўлган ҳукумат кучлари ва шиалардан иборат ҳусийчилар ўртасида қуролли низолар давом этмоқда.

Ушбу низолар 2015 йил мартида Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция кучлари қонуний ҳукуматни қўллаб, Яманга кирганидан кейин янада кучайди. Ҳусийчиларга қарши амалиётларда саудияликлардан ташқари, Баҳрайн, Қатар, Кувайт, БАА, Миср, Иордания, Марокаш, Покистон ва Судан ҳарбийлари иштирок этиб келмоқда.

Мавзуга оид