Яманнинг «Ансоруллоҳ» исёнчи ҳаракати (ҳусийлар) Ар-Риёзда жойлашган Саудия Арабистони Мудофаа вазирлиги биносига ракета зарбаси берганини эълон қилди. Бу ҳақда ҳусийларнинг ҳарбий қаноти вакили, бригада генерали Яҳё Сориа хабар берди. Унинг таъкидлашича, баллистик ракета аниқ бориб нишонга теккан.
Бундан ташқари, ҳусийлар Саудия Арабистонининг жануби-ғарбидаги Абха халқаро аэропортига дрон ёрдамида ҳужум уюштиргани, бунинг оқибатида авиақатновлар издан чиққани ҳақида маълум қилди. Шунингдек, Рас-Таннурадаги нефтни қайта ишлаш заводи ҳам ўққа тутилган.
Саудия Арабистони бошчилигидаги араб коалицияси ҳусийлар томонидан Ар-Риёз томон учирилган иккита баллистик ракета уриб туширилгани ҳақида хабар берди. Саудия Арабистони фуқаро мудофааси бошқармаси маълумотларига кўра, ракета парчалари бино, қурилаётган объект ва автомобилга зарар етказган, шу билан бирга, қурбонлар ва жароҳатланганлар ҳақида маълумот келиб тушмаган.
Ҳусийлар, шунингдек, Нажрон шаҳри аэропортида ва Хамис-Мушайт авиабазасида жойлашган иккита ҳарбий-транспорт самолётига баллистик ракеталар билан зарба берганини маълум қилиб, ҳужумлар белгиланган мақсадларига етганини таъкидлади.
















