Бу мавзу юзасидан “Геосиёсат” дастурида сиёсий таҳлилчилар Ҳикматилла Казакбаев ва Камолиддин Раббимов фикрлари.

Ҳикматилла Казакбаев: Ҳусийчиларнинг ҳозирги ҳаракатларида Эроннинг таъсирини аввалгига қараганда пастроқ баҳолайман. Назаримда, ҳусийчилар мустақил қарорлар қабул қилиб, ўз манфаатларидан келиб чиқиб ҳаракат қила бошлаган. Тўғри, уларнинг қурол-яроғ салоҳияти кўп жиҳатдан Эронга боғлиқ. Улар ўзлари ишлаб чиқарганини даъво қилаётган дронлар ва ракеталарнинг бир қисми ҳам Эрон томонидан етказиб берилган ёки унинг кўмагида ишлаб чиқарилган. Шунга қарамай, ҳусийчиларнинг сўнгги ҳаракатларида Эрон омилини аввалгидек ҳал қилувчи деб ҳисобламайман. Бу таъсир бутунлай йўқ дегани эмас, аммо унинг даражаси пасайган бўлиши мумкин.

Ҳусийчиларнинг ҳозирги хатти-ҳаракатлари менга 2023 йил 7 октябрда Ҳамас томонидан амалга оширилган ҳужумни эслатмоқда. Ўша пайтда ҳам Ҳамас ўз кучини тўғри баҳоламагани, айрим ташқи кучларнинг кўмагига ортиқча умид боғлагани ҳақида фикрлар билдирилган эди. Натижада Исроил бу ҳужумдан Ғазога қарши кенг кўламли ҳарбий амалиётларини оқлаш учун фойдаланди ва ҳудуднинг катта қисмини вайрон қилди.

Ҳусийчилар Саудия Арабистонига қарши ҳаракат қилишда кимга ёки қандай кучга таянаётгани ҳам муҳим масала. Айниқса, бу воқеалар Саудия Арабистони, Туркия ва Покистон ўртасида келишувлар муҳокама қилинаётган бир пайтда юз бераётгани эътиборга молик. Агар Макка алянси ҳусийчиларга қарши умумий позиция шакллантиришни ҳам назарда тутаётган бўлса, ҳусийчиларнинг бундай ҳужумлари улар учун янада катта таваккалга айланиши мумкин. Чунки Саудия Арабистони очиқ урушга киришишда эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилади. Мамлакатнинг иқтисодий ва инвестициявий лойиҳалари, энергетика инфратузилмаси ҳамда катта ҳудудларини ҳимоя қилиш зарурати бундай тўқнашувнинг нархини оширади.

Замонавий ҳаво мудофаа тизимларига эга давлатлар ҳам энергетика объектларини барча ҳужумлардан тўлиқ ҳимоя қила олмаётган бир шароитда, Саудия Арабистони учун ҳам бундай хавфларни бутунлай бартараф этиш осон эмас. Шу сабабли Ар-Риёд ҳусийлар билан кенг кўламли урушга киришишдан аввал унинг оқибатларини ҳисобга олиши табиий.

Ҳозирги вазиятда ҳусийчилар жуда катта таваккалга қўл уряпти. Айниқса, Ар-Риёддаги аеропортга қилинган ҳужум ҳақидаги хабарлар жиддий саволларни юзага келтиради. Чунки гап ҳарбий нишонлар эмас, фуқаролик инфратузилмаси ҳақида кетмоқда. Бу эса ҳусийчиларнинг бошқа мусулмон давлатлари жамоатчилиги олдидаги обрўсига ҳам путур етказиши мумкин. Уларнинг ҳаракатлари Эрон билан боғланиши эса Теҳронга хайрихоҳ бўлган айрим давлатлар ва жамоатчилик вакилларининг ҳам муносабатини ўзгартириши эҳтимолдан холи эмас.