Ҳусийчилар Яман жанубидаги Адан порт шаҳридаги президент саройига ракеталар билан зарба бериши оқибатида беш киши ҳалок бўлиб, 16 киши яраланди. Уларнинг аксари хавфсизлик хизмати ходимлари бўлишган.
Яман ахборот вазири Муаммар ал-Эрянийнинг BBC’га маълум қилишича, халқаро тан олинган ҳукумат қароргоҳи жойлашган Ал-Маъшиқ саройига бешта баллистик ракета келиб тушган. Бош вазир ва ҳукуматнинг бошқа вакиллари жабрланмаган.
Ҳусийчиларнинг ҳарбий вакили Яҳё Сари «саудияликларнинг Адандаги ҳарбий амалиётлар штаб-квартираси» зарба нишони бўлганини айтди.
Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция Яман ҳукуматини қўллаб-қувватламоқда ва Эрон таъсиридаги ҳусийчиларнинг позицияларига юриш қилаётган ҳукумат кучларига ҳаводан кўмак бериб келмоқда.
Яман бош вазири Шайя аз-Зиндоний ҳусийчиларнинг Аданга ҳужумини қоралаб, буни «жиноий ҳаракатларнинг давом эттирилиши» деб атади.
У ҳукумат ўз вазифаларини бажаришда давом этаётгани ва бу ҳужум ҳукумат кучларининг Яманнинг жануби-ғарбий ҳудудларида, Қизил денгиз бўйида ва фронтнинг бошқа жойларида ҳусийчиларга қарши ҳарбий амалиётларни давом эттириш қарорини сусайтирмаслигини таъкидлаган.
Пайшанба куни Ар-Риёд бошчилигидаги коалиция Мадина шаҳри яқинида қанотли ракетани уриб туширгани ҳақида хабар берганди. Ҳусийчилар эса бу ҳужумга алоқадорлигини рад этганди.
«Эрон эскалацияни рағбатлантирмоқда»
Ҳусийчилар Яман ғарбидаги ўз назорати остида бўлган ҳудудлар, жумладан, пойтахт Санога қилинаётган ҳужумларга жавобан Саудия Арабистонидаги аэропортлар, нефт-газ объектлари ҳамда ҳарбий базалар бўйлаб ракета ва дронларини учирмоқда.
Ўтган ҳафтанинг шанба куни Ар-Риёддаги Қирол Холид номидаги халқаро аэропортга ракета келиб тушиши оқибатида 13 киши ҳалок бўлди. Бу Саудия Арабистонига сўнгги 10 йилдан ортиқ вақт мобайнида қилинган энг ажалвор ҳужум бўлди.
Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири ўринбосари Эронни ҳусийчиларни қироллик билан можарони кучайтиришга ундашда айблади.
«Эрон БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияларини бузган ҳолда ҳусийчилар тузилмаларини қуроллантириш, ўқитиш ва қўллаб-қувватлашда давом этмоқда», – деди журналистларга Раид Кримли.
«Бизнинг фикримизча, можаронинг ҳозирги сўнгги босқичида Эрон ҳусийлар томонидан эскалацияни рағбатлантирмоқда», – дея қўшимча қилди у.
















