Ўзбекистон | 15:26 / 06.08.2018
11684
2 дақиқада ўқилади

Бош прокуратурада солиқчилар ва божхоначиларни назорат қилувчи янги бошқарма ташкил этилади

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси президенти “Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган солиқ ва божхона ислоҳотларига ҳуқуқий ҳамроҳлик қилиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Ҳужжат билан Бош прокуратуранинг Божхона ва солиқ соҳаларидаги қонунчилик ижросини назорат қилиш бўйича бошқармаси Бош прокуратуранинг Солиқ ва божхона ислоҳотларини амалга ошириш соҳасидаги қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси этиб қайта ташкил этилади.

Унинг фаолияти асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

аҳоли учун солиқ мажбуриятларини кўнгилли бажаришда ҳуқуқий саводхонликни ошириш орқали ижобий шароитлар яратиш;

солиқ органлари малакаси даражасининг оширилиши устидан назорат ўрнатиш;

солиқ органлари томонидан солиқ назоратининг янги усулларини қўллашда солиқ тўловчилар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш;

солиқ ва божхона маъмуриятчилигини амалга ошириш жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг татбиқ этишда иштирок этиш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан солиқ ва божхона ислоҳотлари ўз вақтида ҳамда сифатли амалга оширилиши устидан назорат қилиш;

солиқ ва божхона органларининг қонунчилик талабларига қатъий риоя этишини таъминлаш;

солиқ солиш тизимини такомиллаштиришда иштирок этиш;

солиқ тўловчилар ва солиқ солинадиган объектлар тўлиқ қамраб олиниши, шунингдек, йиғиладиган солиқ ва божхона тўловлари устидан назоратни амалга ошириш;

солиқ, божхона, молия органлари, жойлардаги ижро этувчи ҳокимият органлари ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ҳамда бошқа ташкилотлар билан солиқ солинувчи базани кенгайтириш бўйича қалин ҳамкорликни ташкил этиш;

солиқ тўловчилар ахборот базасини тўлақонли юритишни таъминлаш мақсадида солиқ тўловчиларни паспортлаштиришни амалга ошириш бўйича ишларни мувофиқлаштириш;

солиқ органларига солиқ солинувчи базани яшириш юқори хатарига эга ва солиқлар тўлашдан бўйин товлайдиган шахсларни аниқлашда кўмак кўрсатиш.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид