Буюк Британия Кимёвий қуролни тақиқлаш бўйича ташкилот (КҚТТ) экспертларини Эймсберидаги заҳарланиш воқеаси бўйича қўшимча намуналар тўплаш учун таклиф қилди. Бу ҳақда Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги хабарида айтилади.

«Кимёвий қуролни тақиқлаш бўйича ташкилотнинг мустақил техник экспертлари Эймсберида Буюк Британиянинг бир фуқароси ўлимига ва бошқа бирининг жиддий касалланишига сабаб бўлган асаб-фалажловчи модда бўйича ишни давом эттириш учун мамлакатга қайтишга таклиф қилинди», - дейилади Британия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида. 

Буюк Британиянинг Кимёвий қуролни тақиқлаш бўйича ташкилотдаги доимий вакили ўринбосари ташкилот бош директорига мурожаат қилиб, ишда ёрдам беришни таклиф этди. Бу Кимёвий қурол тўғрисидаги Конвенциянинг VIII 38 (e) моддасига мувофиқ амалга оширилди.

Таъкидланишича, ташриф давомида Кимёвий қуролни тақиқлаш бўйича ташкилот экспертлари ташкилот томонидан тасдиқланган нуфузли халқаро лабораторияларда таҳлил қилиш учун қўшимча намуналарни тўплашади.