“Brexit'нинг фойдасидан зарари кўпроқ бўлди”, деди Британия бош вазири Энди Бернэм 29 сентябр куни Лейбористлар партияси конференциясидаги нутқида.
Бернэм Европа билан узоқ муддатли муносабатларни қайта кўриб чиқиш ва мавжуд вариантлар бўйича сиёсий консенсусга эришиш ниятини билдирди. У бу масалани Британия ва ЕИ ўртасида режалаштирилган саммит атрофида муҳокама қилишини айтди. Эртасига у ЕИга тўлиқ қайтиш варианти ҳам очиқ муҳокама қилиниши мумкинлигини истисно этмади.
Мавзу юзасидан Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсий таҳлилчилар шарҳи.
— Британиянинг Европа Иттифоқига қайтиш эҳтимоли қанчалик ҳақиқат ва қайтса, бунинг тартиби қандай бўлади?
Камолиддин Раббимов: Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиб кетганига ҳали ўн йил ҳам бўлгани йўқ. 2016 йилда ўтказилган референдум ташаббуси ўша пайтдаги бош вазир Девид Кемерондан чиққан эди. Аслида, унинг мақсади мамлакатни ЕИдан чиқариш эмас, балки Брюсселга босим ўтказиш бўлган, деган қараш мавжуд. Консерваторлар учун ҳақиқий чиқиш сценарийси ҳам дастлаб асосий режа бўлмаган.
Кемерон референдум таҳдидидан Брюссел билан музокараларда восита сифатида фойдаланмоқчи эди. Лондон ЕИ билан муносабатларни қайта кўриб чиқишни, миграция масаласида кўпроқ ваколат ва айрим имтиёзлар берилишини талаб қилди. Бироқ Брюссел умумий қоидалардан чекинишга тайёр эмаслигини билдирди. Шундан сўнг Кемерон референдум ўтказишга қарор қилди.
Аммо референдум натижаси аввало Британия сиёсий элитасининг ўзини ҳайратда қолдирди. Жамоатчилик кайфиятини олдиндан аниқ башорат қилиш қийин. Сайловчилар сўровларда бир фикрни билдириши, амалда эса бутунлай бошқача қарор қабул қилиши мумкин. Brexit ҳам шундай ҳолатлардан бири бўлди. Brexit тарафдорлари, жумладан, Найжел Фараж каби сиёсатчилар Британия ЕИ бюджетига катта маблағ ажратаётгани, бироқ бунинг эвазига етарли фойда олмаётганини таъкидлашди.
Brexit тарафдорлари миллий суверенитетни тиклаш, миграцияни назорат қилиш ва иқтисодий мустақилликни кучайтиришни ваъда қилишди. Бироқ бу ваъдаларнинг барчаси кутилганидек амалга ошмади. Аксинча, Европа бозори билан савдо қилишдаги янги тўсиқлар, меҳнат ресурслари билан боғлиқ муаммолар ва иқтисодий ноаниқликлар Британияга қўшимча харажатлар келтирди. Албатта, мамлакат иқтисодиётидаги барча муаммоларни фақат Brexit билан изоҳлаш тўғри эмас. Бироқ Евроиттифоқдан чиқиш савдо ва инвестициялар учун янги тўсиқлар яратгани, айрим тармоқларнинг ривожланишини секинлаштиргани ҳақида жиддий иқтисодий баҳслар мавжуд.












