DW хабарига кўра, Британия Мудофаа вазирлиги бу ҳақда 20 октябр куни маълум қилган. Қарор Эронга иттифоқчи ҳусийчиларнинг Саудия Арабистонига ҳужумлари кучайган бир пайтда қабул қилинган.

Қирувчилардан ташқари, Британия ҳарбий техникани ташиш учун Airbus A400M транспорт самолётини ҳам тақдим этади. Мамлакатга британиялик ҳарбий маслаҳатчилар ҳам юборилади.

Лондон ҳусийчиларнинг фуқаролик объектларига, жумладан, Ар-Риёд аэропортига зарбаларини қоралаган. Британия мудофаа вазири Уэс Стритинг бу ҳужумларни минтақадаги вазиятни кескинлаштирувчи ҳаракатлар деб баҳолаган.

10 октябр куни Ар-Риёддаги Қирол Холид номидаги халқаро аэропортга ракета зарбаси берилиши оқибатида 13 киши ҳалок бўлган, яна 308 киши жароҳатланган. Ҳужум учун масъулиятни ҳусийчилар ўз зиммасига олган.

Гуруҳ Саудия Арабистони ҳаво ҳудудини «ҳарбий операциялар зонаси» деб эълон қилиб, йўловчи самолётларини ундан фойдаланмасликка чақирган. Кейинчалик аэропорт яна ҳужумларга учраган.

Ҳусийчилар сентябр бошида Яқин Шарқдаги ҳарбий ҳаракатларини кенгайтиришини билдириб, Саудия Арабистони жанубидаги тўрт шаҳарга зарба берган эди. Ўша ҳужумларда 70 дан ортиқ киши жабрланган, нефт объектларида ёнғин чиққан. Саудия томони эса Яманнинг ҳусийчилар назоратидаги вилоятларига 60 дан ортиқ ҳаво зарбаси берган.

Сентябрда ҳусийчилар Қизил денгиз соҳилидаги Моха порти ва Боб ал-Мандаб бўғозидаги айрим оролларни ҳам эгаллаган. Мазкур бўғоз жаҳон савдоси ва нефт ташувлари учун муҳим йўналиш ҳисобланади.

Гуруҳ Боб ал-Мандаб орқали ҳаракатланиш Саудия кемаларидан ташқари барча тижорат кемалари учун хавфсиз эканини даъво қилган. 19 сентябрда эса Саудия бошчилигидаги коалиция ҳусийчиларнинг Ар-Риёдга йўналтирилган баллистик ракетаси тутиб қолинганини маълум қилган эди.