Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ–3666-сон қарори билан Адлия вазирлигига давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятида ҳуқуқни қўллаш амалиётини изчил ва бир хилда таъминлаш бўйича чораларни амалга ошириш вазифаси юклатилди, деб хабар берди Адлия вазирлиги.
Қисқа муддат ичида Адлия вазирлиги, унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан мазкур йўналишда бир қатор ишлар амалга оширилиб, ижобий натижаларга эришилди.
Ўтган уч ой давомида республика бўйича жами бўлиб 650тага яқин (республика, вилоят ва туман (шаҳар) даражаларидаги) ташкилотларда 7000дан кўп қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. Қонунбузилишлар асосан таълим, соғлиқни сақлаш, меҳнат, коммунал хизматлари, ер ажратиш, маъмурий жавобгарликка тортиш ва бошқа соҳаларда йўл қўйилган.
Йўл қўйилган қонунбузилишларни бартараф этиш юзасидан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига 290та тақдимномалар (70 нафар айбдор ходимга иш берувчилар томонидан интизомий жазо чоралари қўлланилди), айбдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан судларга 82та таклиф киритилди.
Бундан ташқари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига келгусида содир этилиши мумкин бўлган қонунбузилишларни олдини олиш 2500дан ортиқ огоҳномалар киритилди.
Аниқ мисоллар келтириладиган бўлса, Адлия вазирлигига фуқаро У.Д. Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан 2018 йил 22 майда ўтказилган малака имтиҳони натижалари бекор қилинганлигидан норози бўлиб мурожаат қилган. Мазкур ҳолат вазирлик томонидан батафсил ўрганиб чиқилиб, тегишли амалий чора-тадбирлар амалга оширилди, натижада малака имтиҳони муваффақиятли топширган 20 нафар фуқарога, шу жумладан У.Д.га баҳоловчи малака сертификатлари берилиши таъминланди. Қўмитанинг айбдор ходимига нисбатан чора кўрилди.
Шунингдек, Адлия органлари томонидан туман (шаҳар) ободонлаштириш бошқармалари, туман (шаҳар) йўл эксплуатация корхоналари, автомобиль йўллари бош бошқармалари ҳузуридаги эксплуатация линия корхоналарининг фаолияти ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги 349-сон қарорининг бажарилиши ўрганилди. Ўрганиш давомида бир қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди ва уларни бартараф этиш юзасидан тегишли чоралар кўрилди.
Жумладан, 28 нафар фуқаронинг манфаатларини кўзлаб фуқаролик ишлари бўйича судларга даъво аризалари киритилиб, 67,4 млн сўм пул маблағлари ундириб берилди.
Шу билан бирга, ободонлаштириш соҳасини ҳамда меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини илғор халқаро тажрибаларни инобатга олган ҳолда такомиллаштириш юзасидан 11та йўналишда 40га яқин таклифлар ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилди.















