Муҳокамага қўйилган Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида таълим соҳасига оид бир қатор ҳукумат қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган.
Хусусан, 2021 йил 19 майдаги «Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштиришни самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 312-сон қарорга янги норма киритиш таклиф қилинмоқда. Унга кўра, талаб этиладиган тегишли хорижий тил сертификатига эга бўлмаган ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаси меҳнат қонунчилигида белгиланган тартибда бекор қилинади.
Шунингдек, лойиҳада гематология, онкология, клиник иммунология ҳамда бошқа узоқ муддатли даволанишда бўлган болалар учун ташкил этилган «Меҳрли мактаб»лар фаолиятига оид бир қатор ўзгартишлар ҳам назарда тутилган. Жумладан, муассасанинг намунавий штатлар жадвалини тасдиқлаш, айрим лавозимларни қайта белгилаш, ходимларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш тартибига аниқлик киритиш таклиф этилмоқда.
Бундан ташқари, Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг жамғармаси маблағларини тўлаш тартиби ҳам қайта кўриб чиқилиб, ҳар ойлик устамалар ва бир марталик мукофотларни тўлаш муддатларини белгилаш, шунингдек, «Меҳрли мактаб»лар фаолиятини ташкил этишга оид айрим нормаларни такомиллаштириш режалаштирилган.
Лойиҳа жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган бўлиб, қабул қилинган тақдирда мазкур ўзгартишлар тегишли ҳукумат қарорларига татбиқ этилади.










