Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги айрим ҳудудларда миллий сертификат имтиҳонларига рўйхатдан ўтиш қисқа вақт ичида ёпилаётгани юзасидан изоҳ берди.
Маълум қилинишича, эндиликда талабгорларни рўйхатга олиш ҳар бир ҳудуд учун белгиланган ўтириш ўринлари сонидан келиб чиқиб амалга оширилади. Янги тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 июлдаги 411-сон қарори билан жорий этилган.
Қарорга мувофиқ, тест синови ўтказиладиган жой, сана ва муайян ҳудуд учун ажратилган ўринлар сони Агентлик томонидан белгиланади. Ушбу маълумотлар ташкилотнинг расмий веб-сайти ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали эълон қилинади.
Талабгорлар ҳам ҳудуд учун ажратилган ўринлар доирасида ЯИДХП орқали рўйхатга олинади. Демак, муайян вилоят ёки шаҳардаги барча жойлар банд бўлса, ариза топширишнинг умумий муддати тугамаган тақдирда ҳам ўша ҳудуд бўйича рўйхатдан ўтиш ёпилади.
Агентлик маълумотига кўра, 2026 йилнинг сентябрь–декабрь ойларида миллий сертификат имтиҳонлари учун жами 496 303 та ўрин ажратилган. Жумладан:
сентябр ойида — 125 753 та;
октябр ойида — 129 535 та;
ноябр ойида — 112 335 та;
декабр ойида — 128 680 та.
Шунингдек, миллий сертификат имтиҳонлари сони ҳам оширилган. 2026 йилнинг сентябр–декабр ойларида математика, кимё, география, биология, физика, она тили ва адабиёт ҳамда тарих фанларидан икки мартадан, ҳуқуқшунослик фанидан эса бир марта имтиҳон ўтказилиши режалаштирилган. Уларнинг умумий сони 15 тани ташкил этади.
Таққослаш учун, 2025 йилнинг шу даврида 11 та миллий сертификат имтиҳони ташкил этилган ва уларда 255 217 нафар талабгор иштирок этган.
Агентлик ҳудудлар бўйича ўринлар сони белгиланиши талабгорлар иштирокини чеклашга қаратилмаганини таъкидлади. Ушбу тартиб имтиҳонларни мавжуд бинолар, техник воситалар, ходимлар ва назорат имкониятларидан келиб чиқиб сифатли ташкил этиш, ҳудудлардаги юкламани тақсимлаш ҳамда натижаларни белгиланган муддатда эълон қилиш мақсадида жорий этилган.
Шу муносабат билан миллий сертификат имтиҳонида қатнашишни режалаштираётган талабгорларга рўйхатдан ўтишни охирги кунларга қолдирмаслик тавсия қилинди. Чунки улар танлаган ҳудуддаги ўринлар белгиланган муддатдан олдин тўлиб қолиши мумкин.

















