Иқтисодиёт | 11:52 / 17.08.2018
14443
3 дақиқада ўқилади

“Ўзэлтехсаноат” АК “СИНО” заводи касодга учраганига доир хабарга изоҳ берди

Фото: photo.qip.ru

«Ўзэлтехсаноат» АК раҳбарияти Самарқанддаги “Сино” заводининг банкрот деб эълон қилинганлиги тўғрисидаги интернет нашрлари орқали кенг муҳокама қилинаётган ахборотнинг нотўғри талқини борасида ўз муносабатини билдириб, ушбу ҳолат юзасидан Kun.Uz’га изоҳ берди.

“Маълумки, Самарқанд шаҳар иқтисодий суди томонидан 2018 йил 7 августда “Сино” АЖнинг аризасини қабул қилиш, банкротлик ишини қўзғатиш ҳамда “Сино” АЖда кузатув жараёнини жорий этиш тўғрисида ажрим қабул қилинган. Бироқ “банкротлик иши қўзғатиш” – бу “банкрот” деб эълон қилиш дегани эмас.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Банкротлик тўғрисида”ги Қонунининг 28-моддасига асосан Қарздор юридик шахснинг банкротлиги тўғрисидаги иш кўрилаётганда қуйидаги таомиллар қўлланилади, деб кўрсатилган: кузатув, суд санацияси, келишув битими, ташқи бошқарув, тугатишга доир иш юритиш.

Ушбу Қонуннинг 75-моддаси талабларига кўра, “Сино” АЖда жорий этилган кузатув жараёни тугатилгандан сўнг, иқтисодий суд қарздорни “банкрот” деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилиши ёки суд санациясини ёхуд ташқи бошқарувни жорий этиш ҳақида ажрим чиқаради ёки келишув битимини тасдиқлайди ва банкротлик тўғрисидаги иш юритишни тугатиши мумкин.

Айтиб ўтиш лозимки, мазкур қонун доирасида қарздорни банкрот деб эълон қилишдан олдин унинг мулкий ва иқтисодий аҳволини яхшилаш ҳамда келгусида барқарор ишлаб кетиши учун суд санацияси, келишув битими ва ташқи бошқарув таомиллари мавжуд бўлиб, улардан қайси бирини “Сино” АЖга нисбатан қўллаш фақатгина суд ва кредиторлар томонидан ҳал қилинади.

Шунингдек, Қонуннинг 51-моддасига кўра, фақатгина суд санациясини, ташқи бошқарувни жорий этиш, келишув битимини тасдиқлаш ёки банкротлик тўғрисидаги иш юритишни тугатиш учун асослар бўлмаган тақдирда, иқтисодий суднинг қарздор юридик шахсни банкрот деб топиш ҳамда тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисидаги қарори қабул қилинади.

Бироқ, “Сино” АЖда эндигина кузатув таомили жорий этилганлигини инобатга олиб, ҳали ушбу корхона “банкрот” деб эълон қилинди, дейишга ҳеч қандай асослар мавжуд эмас”, - дейилади изоҳда.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил 16 августда 1973 йилда ташкил этилган “Сино” заводининг касодга учрагани ҳақида хабар берилган эди.

Мавзуга оид