Россиянинг Орёл шаҳри 7 ноябр, шанбага ўтар кечаси кенг кўламли ракета ҳужумига учради. Бу ҳақда Орёл вилояти губернатори Андрей Кличков маълум қилди.
ASTRA нашрининг очиқ манбалар асосидаги разведка (OSINT) таҳлилига кўра, зарба оқибатида Россиядаги энг муҳим оптоэлектроника ишлаб чиқарувчиларидан бири — «Протон» заводида йирик ёнғин келиб чиққан.
Губернатор Кличков «Советский туманида жойлашган корхонанинг ишлаб чиқариш бинолари қисман зарар кўрганини» билдирди. Бироқ у корхона номини очиқламади ва жабрланганлар ҳақида маълумот бермади.
Кличковнинг қўшимча қилишича, ҳодиса жойида қутқарув хизматлари иш олиб бормоқда.
«Протон» заводи Орёл шаҳрининг Советский туманида жойлашган.
Украинанинг Exile+ ва Supernova+ OSINT каналлари маълумотларига кўра, «Протон» заводи маҳсулотлари, жумладан, С-71 «Ковёр» авиация қанотли ракеталари, 9М723 «Искандар-М» баллистик ракеталари ҳамда «Панцирь-С1» зенит ракета-тўп мажмуаларида қўлланилади.
Мазкур корхона аввал ҳам бир неча бор Украина ҳужумларига учраган.









