Спорт | 10:40 / 19.08.2018
4583
2 дақиқада ўқилади

Жакартада Осиё олимпия кенгашининг бош ассамблеяси бўлиб ўтди

Бугун, 19 август куни Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида Осиё олимпия кенгашининг 37-бош ассамблеяси бўлиб ўтди. Унда Индонезияда ўтказилаётган Осиё ўйинларига ташриф буюрган делегациялар раҳбарлари, шунингдек, турли спорт турлари бўйича федерациялари раҳбарлари иштирок этишди.

Ассамблеяни Осиё олимпия кенгаши президенти шайх Аҳмад ал-Фаҳад ал-Аҳмад ал-Сабоҳ очиб берди ва маъруза қилди.

Фото: Анвар Ильясов

Ассамблеяда Ўзбекистон номидан Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Жасур Матчанов қатнашди.

Фото: Жасур Матчанов ООК президенти шайх Фаҳад билан / Анвар Ильясов

Шунингдек йиғилишда яна бир неча ўзбекистонлик спорт амалдорлари, хусусан, Осиё Олимпия Кенгаши вице-президенти, Халқаро ҳаваскор бокс ассоциацияси (AIBA) президенти вазифасини бажарувчи Ғофур Раҳимов ва Осиё самбо иттифоқи президенти Аламжон Муллаев ҳам иштирок этган.

Фото: Ғофур Раҳимов / Kun.uz

Ассамблеянинг иккинчи қисмига Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов ҳам етиб келган.

Фото: Умид Аҳмаджонов ва Жасур Матчанов / Kun.uz

У Олимпия кенгаши президенти шайх Аҳмад ал-Фаҳад ҳамда AIBA раҳбари Ғофур Раҳимов билан ҳам учрашган. 

Фото: Умид Аҳмаджонов ва Ғофур Раҳимов / Kun.uz

«Kun.uz» мухбири хабар беришича, ассамблеяда 2022 йили Хитойнинг Ҳангжоу шаҳри мезбонлик қиладиган Осиё ўйинлари ва 2026 йили Япониянинг Айти-Нагоя префектурасида бўлиб ўтадиган Осиё ўйинлари, 2020 йилги Токио ёзги олимпиадаси ва 2022 йилги Пекин қишки олимпиадаси тақдимоти ўтказилган, шунингдек, турли федерациялар раҳбарлари тақдирланган.

Фото: Анвар Ильясов

Шунингдек, ассамблея давомида спортнинг янги тури - текбол спорти тақдимоти ҳам ўтказилган. Айни вақтда ушбу спорт тури бўйича махсус сайт фаолият бошлаган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид