Ўзбекистон | 17:49 / 26.01.2026
2358
1 дақиқада ўқилади

Президент Бутунжаҳон сув спорти федерацияси раҳбарини «Дўстлик» ордени билан мукофотлади

Осиё Олимпия кенгаши бош директори, Бутунжаҳон сув спорти федерацияси президенти Ҳусайн ал-Мусаллам юксак давлат мукофоти билан тақдирланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 26 январ куни Тошкентда Осиё Олимпия кенгаши раҳбарияти ва ташкилот Бош ассамблеяси иштирокчиларини қабул қилди.

Мамлакат етакчиси Ўзбекистонга халқаро спорт ҳаракатининг ишончли ҳамкори сифатида юксак ишонч билдирилиб, ташкилот ассамблеясини Тошкентда ўтказишга қарор қилингани учун миннатдорлик изҳор этди.

Учрашувда спортни ривожлантириш “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида устувор йўналишлардан бири сифатида белгилангани таъкидланди.

Ўзбекистон халқаро спорт ташкилотлари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва амалий натижаларга эришишга қаратилган қўшма дастур ҳамда ташаббусларни амалга оширишга тайёрлиги қайд этилди.

Тадбир якунида Мирзиёев спортни ривожлантириш ва спорт соҳасидаги халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун Осиё Олимпия кенгаши бош директори, Бутунжаҳон сув спорти федерацияси президенти Ҳусайн ал-Мусалламга «Дўстлик» орденини топширди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид