Сув — инсон ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган неъмат. Қишлоқ хўжалигида эса унинг қиймати баъзан олтиндан ҳам қимматроқ.

Бугунги мақоламизда ариқлар кўмилиб бораётгани туфайли, сувсиз қолиб кетаётган, натижада, рўзғор тебратишда қийналаётган аҳоли дарди ҳақида гапирамиз.

Хоразм вилояти, Хива тумани, «Чанашик» маҳалласида истиқомат қилувчи бир қанча ҳамюртларимизни шу муаммо ташвишга солмоқда. Қишлоқ ҳудудидан ўтувчи ариқ аҳоли томонидан ўзбошимчалик билан кўмиб юборилиши, унинг устида ноқонуний қурилиш ишлари амалга оширилиши натижасида, тобора йўқолиб бормоқда. Натижада маҳалланинг чеккасида истиқомат қилувчи аҳолининг томорқасига сув етиб бормаяпти.

Kun.uz Хива тумани, «Чанашик» маҳалласига бориб, вазиятни кузатди, аҳоли билан суҳбатлашди.

65 ёшли отахон, маҳалланинг собиқ посбони Матчонов Отабой сўзларига кўра, маҳалла ҳудудидан ўтувчи ва чекка жойлардаги одамларнинг томорқасига сув олиб борувчи ариқ одамлар томонидан кўмиб юборилмоқда.

«Маҳалланинг чекка ҳудудларида яшовчи одамларнинг томорқаси мана шу ягона ариқдан сув ичарди. Ҳозир эса бу ариқ кўмиб юборилмоқда ва йўқолиб кетмоқда. Унинг атрофига одамлар турли дарахтларни экишган, натижада, ариқ кичрайиб бормоқда. Олдин мана шу ариқдан нафақат аҳолининг томорқасини, балки 75 га ерни суғориш учун фойдаланилар эди. Кўплаб раҳбарларга мурожаат қилдик, бироқ, ҳеч ким ариқни тозалатиб берамиз деган сўздан нарига ўтмаяпти».

58 ёшли аёл Гавҳар Маткаримова сўзларига қараганда, ариқ муаммоси аҳолини жуда қийнаб қўйган.

«Маҳалламизнинг эркаклари хорижга ишлагани кетган. Ҳозир бу ерда аёллар, ёш болалар ва қариялар қолган. Биз қандай қилиб бу ариқни ўзимиз қазиб, чуқурлаштиришимиз мумкин. Оддий трактор бир неча метр жойни қазиб бериш учун 250 минг сўм сўрайди. Бунга қурбимиз етмайди».

Айни пайтда, «Чанашик» маҳалласида «Обод қишлоқ» дастури асосида ободонлаштириш, ижтимоий-маиший биноларни қуриш ишлари бошлаб юборилган. Улардан бири, яъни маҳалла қўмитаси биноси айнан шу ариқнинг устига тўғри келиб қолган.

«Маҳалла қўмитаси биноси ариқ устига қурилмоқда. Томорқамизга сув қаердан боради десак, «12 метрли қувур ташланглар, шу орқали сув боради», деган жавобни олдик. Бунга маблағни қаердан оламиз? Нима учун биз қурилиш ишини ўзимиз қилишимиз керак? Дарё суви лойқали, агар қувур тиқилиб қоладиган бўлса, уни ичига кириб, қандай очамиз?» — деди кўп йиллар давомида ўқитувчи бўлиб ишлаган Гавҳар Маткаримова.