29 сентябр куни Хива шаҳрида «Стратегик шериклик: парламентлараро мулоқотни ривожлантириш, янги вазифалар ва ҳамкорлик истиқболлари» мавзусида тўртинчи Ўзбекистон–Беларус парламентлараро форуми ўз ишини бошлади.

Форумда Ўзбекистон ва Беларус парламентлари палаталари раҳбарлари ва аъзолари, ҳукумат, вазирлик ва идоралар, маҳаллий Кенгашлар, олий таълим муассасалари, ёшлар парламентлари ҳамда бизнес вакиллари қатнашмоқда.

Икки кунлик тадбир давомида парламентлараро алоқаларни ривожлантириш, янги ҳамкорлик йўналишларини белгилаш ва икки мамлакат ўртасидаги шерикликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинади.

Форум доирасида Ўзбекистон ва Беларус маҳаллий вакиллик органлари вакилларининг учрашуви ҳам ўтказилади.

Хивада Ўзбекистон ва Беларус тадбиркор аёлларининг тўртинчи бизнес-форуми ҳам ташкил этилмоқда. Унда саноат кооперацияси, қўшма инвестициялар, агросаноат, озиқ-овқат хавфсизлиги, биотехнологиялар, туризм, шунингдек, гуманитар ва ижтимоий соҳалардаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилади.

Тадбир иштирокчилари «Made in Uzbekistan» ва «Made in Belarus» брендлари остида ишлаб чиқарилган миллий маҳсулотлар кўргазмаси билан ҳам танишиши мумкин.

Форум якунида Хива декларациясини қабул қилиш, шунингдек, тижорат шартномалари, ҳамкорлик битимлари ва меморандумларни имзолаш режалаштирилган.