Спорт | 18:30 / 24.08.2018
8796
2 дақиқада ўқилади

Осиё ўйинлари. Спорт гимнастикасида финалда охирги ўрин, гольфда охиргидан олдингиси

Ўзбекистон спорт гимнастикаси жамоаси бугунги баҳсларда медал ололмади. Брус машқларини бажариш бўйича баҳсларда тажрибали спорт гимнастикачиси Антон Фокин финалга йўлланма ололмади. Медаллар Хитой Тайпейи ва Хитой вакилларига кетди.

Ўзбекистоннинг спорт гимнастикасидаги яна бир вакили Расулжон Абдураҳмонов эса финалга чиқди. Аммо у асосий баҳсларда энг ёмон натижани қайд этиб, саккизинчи бўлди. Олтин ва кумуш медаллар хитойлик Зоу Жингюан ва Хиао Руотенгга насиб этди, япониялик Чиба Кента бронза медал билан тақдирланди.

Владислав Мустафин 50 метрга брас сузиш баҳсларида учинчи натижа билан финалга йўл олди. Аммо у финалда бешинчи ўринда қолди. Медаллар мос равишда япониялик Косеки Ясуҳиро, хитойлик Ян Зибей ва қозоғистонлик Дмитрий Баландин ўртасида тақсимланди.

Ўзбекистон жиу-житсу бўйича баҳсларда ҳам медал ололмади. -56 кг вазн тоифасидаги Акмал Амиров бронза медали учун баҳсда қозоғистонлик Сайдали Нуржонга имкониятни бой берди (2:4).

Оғир атлетика бўйича финал баҳсларда -85кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Суннатилла Ўсаров даст кўтаришда 158 кг, силтаб кўтаришда 182 кг, жами 340 кг натижа кўрсатди ва олтинчи ўринни эгаллади. Бу вазн тоифасида олтин медални Ироқ вакили Алжумайли Сафа Рашид Маҳмуд қўлга киритди (361 кг). Кейинги ўринларни жанубий кореялик Жанг Ёнҳак (360 кг) ва шимолий кореялик Жон Мёнг Сонг (348 кг) эгаллади.

Ўзбекистонлик гольфчилар жамоаси 20 жамоа орасида 19-ўринни эгаллади. Яккалик баҳсларда ҳам Ўзбекистон вакиллари қуйи ўринларни банд этишди - Канатбек Курбаналиев - 75, Тен Роман - 78 ва Сергей Чен - 81.

Мавзуга оид