Ўзбекистон Республикаси президенти “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Ҳужжат билан белгилаб қўйилишича, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда 2019 йил 1 январга қадар муддатда:

тегишли фанни ўқитиш бўйича билим ва кўникма даражасини – педагоглар малакасини аниқлашнинг асосий мезони сифатида белгилаб, умумтаълим муассасаларининг педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартибини қайта кўриб чиқади;

педагогик маҳорат ва билим даражасини доимий ошириб боришга кўмаклашувчи илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда, халқ таълими тизими ходимларининг билим даражасига оид малака тоифалари ва талабларини такомиллаштириш бўйича аниқ таклифлар киритади;

умумтаълим муассасалари рейтингини тузиш мақсадида уларнинг фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонлари тасдиқланади;

ўқувчиларнинг билим даражасини баҳолаш бўйича халқаро дастурлар ва тадқиқотларда (PISA, ТIMSS, PIRLS ва бошқалар) умумтаълим муассасалари ўқувчиларининг иштирокини ташкил этади.