Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Нигерияда сув тошқинлари сабабли миллий фалокат эълон қилинди
Нигерия ҳукумати тўртта штатда 100дан ортиқ кишининг ҳаётига зомин бўлган сув тошқинлари сабабли миллий фалокат ҳақида эълон қилди. Бу ҳақда мамлакат президенти маъмуриятининг Twitter саҳифасида маълум қилинди.
"Нигерия Федератив Республикасининг президенти ва қуролли кучлар бош қўмондони Муҳаммаду Бухорий номидан мен, фавқулодда вазиятларни бошқариш бўйича миллий агентлик бош директори инженер Мустафо Майхажа қуйидаги: Коги, Нигер, Анамбра ва Дельта штатларида миллий фалокат ҳақида эълон қиламан", — дея иқтибос келтирилади Africa News нашрида.
Нашрнинг хабар беришича, қолган штатлар кузатув остида бўлади. Қайд этилишича, мамлакатнинг турли қисмларида сув тошқинлари оқибатида жабрланганларга тиббий ёрдам кўрсатиш учун ҳукумат уч миллиард найр (қарийб 8,2 миллион доллар) ажратган.
Аввалроқ мамлакатнинг марказий ва жанубий қисмида юз берган сув тошқинлари сабабли 100 киши ҳалок бўлгани хабар қилинганди. Ассошиэйтед Пресс агентлигининг билдиришича, Нигериянинг марказий қисмида сув тошқинлари оқибатида 100 мингдан ортиқ киши уйларини тарк этишга мажбур бўлган.