Тошкент шаҳри Яшнобод тумани 77-сонли “Нурли маскан” ихтисослаштирилган мактаб-интернатига олиб борадиган йўлакни ҳар ёмғир ёғганда сув босиши, бу муаммо беш йилдан бери ҳали этилмаётгани ҳақида Kun.uz таҳририятига мурожаат келиб тушди.

Мурожаатчиларга кўра, йўлакда сув тўпланиши, лой ва қишдаги музлама кўриш имконияти чекланган болаларнинг ҳаракатланишини қийинлаштирмоқда, ҳамда уларнинг соғлиғи, ҳаёти учун жиддий хавф туғдирмоқда.

“Беш йилдан бери шу аҳвол. Уч нафар ногирон фарзандим бор. Икки қизим ҳам шу мактабда ўқиган, ҳозир ўғлим 5-синфда ўқийди. “Лоток” қилинмаса, сув тошаверади. Ичкаридаги ариқларни ҳам ёпиб ташлашган. Кўзи кўрмаган бола бу ерда йиқилса нима бўлади? Соғлом одамнинг ўзи ҳам йиқилиб тушиши мумкин. Кўриш имконияти чекланган болалар учун бу янада хавфли”, — дейди ота-оналардан бири.

Болаларини мактабга олиб келувчи ота-оналарнинг ўзлари ҳам йўлакдан ўтишда қийналаётганини таъкидлади. Уларнинг қайд этишича, ёмғирли кунларда болаларни катталар ҳамроҳлигисиз юриши янада мушкул.

Kun.uz мухбири ҳолат юзасидан мактаб-интернати директори Рустам Сафаров билан боғланди. У сув тўпланаётган йўлак мактаб ҳудудига тегишли эмаслигини, шу боисдан масала мактаб маъмурияти ваколатида эмаслигини билдирди.

Яшнобод туман ҳокимлиги расмийси эса йўлакда сув тўпланиши муаммосини бартараф этиш бўйича ишлар амалга оширилишини билдирди.

“Бугуннинг ўзида сув масаласини тўғрилаймиз. Ариқ тушириш масаласи 3-4 кун, асфальтни текислаш масаласи бир ҳафта ичида ҳал қилинади”, — деди Яшнобод тумани ҳокимлиги бош муҳандиси Оллаёр Тоиров.