Туркиянинг Истанбул шаҳрида кучли тошқин оқибатида икки киши ҳалок бўлди. Губернаторнинг сўзларига кўра, бу ҳодисага сўнгги 84 йил ичидаги энг кучли ёмғирлар сабаб бўлди.

14 ёшли ўсмир кўлмакдан юрганида электр токи уришидан вафот этган. Яна бир қурбон 34 ёшли эркак бўлиб, у йўлни кесиб ўтмоқчи бўлганида сирпаниб кетган ва йиқилиб, боши билан йўлакка тўшалган тошга урилган.

Истанбул шаҳри мэри ўринбосарининг сўзларига кўра, қутқарувчилар сув тошқини туфайли қамалиб қолган қариб 600 кишини эвакуация қилган. Шаҳарнинг айрим ҳудудларида автомобиллар сув остида қолиб кетган.

Истанбул вилояти губернатори Давут Гул аҳолини ўта зарур бўлмаганда уйдан чиқмасликка чақирган.

Губернатор маъмурияти ток уришидан вафот этган ўсмир ўлими юзасидан текширув олиб бормоқда.

Туркия ички ишлар вазирининг сўзларига кўра, Истанбулнинг айрим ҳудудларида ўртача йиллик меъёрнинг еттидан бир қисмига тенг миқдорда ёғингарчилик бўлган. Ёмғирлар давом этиши кутилаётгани сабабли, ҳукумат мактабларни ёпишга кўрсатма берди.

Anadolu via Getty Images

Шаҳар мэри ўринбосари Нури Асланнинг хабарига кўра, тошқин туфайли қамалиб қолган 595 киши хавфсиз жойларга кўчирилган. Табиий офат оқибатларини бартараф этишга фавқулодда хизматлар ва коммунал хизматларнинг саккиз мингдан ортиқ ходими иштирок этмоқда.

«Барча фуқароларимизни кутилаётган кучли ёмғир ва бўрон муносабати билан, айниқса тунги соатларда ҳушёр бўлишга чақираман», – дея ёзган у X ижтимоий тармоғида.

Шунингдек, аҳолига шахсий автомобиллар ўрнига жамоат транспортидан фойдаланиш тавсия қилинган. Истанбул метроси иш вақти тунги соат 2 гача узайтирилган.

Фото: Getty Images
Истанбулнинг Кучукчекмеже туманида юзага келган сув тошқини

Сув тошқинлари авиақатновларга ҳам таъсир қилмоқда. BBC Туркия хизматига кўра, 46 та самолёт Истанбулдаги аэропортларга қўна олмаган.

Сариер туманида савдо марказининг автотураргоҳини сув босган, у ерда бир нечта автомобил сув остида қолиб кетган. Маҳаллий ОАВ хабарига кўра, шаҳарнинг бошқа қисмларида йўлларнинг айрим қисмлари қулаб тушган, дарёлардан бири қирғоқларидан тошиб чиққан.