Жамият | 07:28 / 22.09.2018
11120
4 дақиқада ўқилади

Хиваликлар мурожаати - маҳалламиз чиқиндидан тоза ва обод бўлсин

KUN.UZ таҳририятига Хоразм вилояти, Хива шаҳрининг «Дўстлик» маҳалласида истиқомат қилувчи аҳолидан мурожаат келиб тушди.

Унда чиқиндиларнинг тўпланиб қолишидан маҳалла аҳолиси азият чекаётгани ҳақида ёзилган эди. Вазиятни ўрганиш учун Хива шаҳрига бордик.

«Дўстлик» маҳалласи азим шаҳарнинг марказида, тарихий «Ичан қалъа» ёдгорлигидан атиги бир неча километр узоқликда жойлашган. Маҳалла ҳудудида жойлашган чиқинди ташлаш ўчоғи кўпқаватли бинолар орасида қурилган, девор билан ўралган. Унинг аҳволи дарҳақиқат ачинарли эканини, чиқиндиларнинг тўпланиб қолганини, ўчоқдан ташқарига ташланаётганини кўрдик. Бундай шароитда, айниқса, қуёш тафтида чиқиндилар сасиб кетаётганини, ёқимсиз ҳиддан одамлар азият чекаётганини, атроф-муҳитнинг санитария ҳолати бузилаётганига гувоҳ бўлдик.

Бу вазият бўйича Хива шаҳрини чиқиндидан тозалаш билан шуғулланувчи «Тоза ҳудуд» ДУК раҳбари Умид Аминовдан изоҳ сўрадик.

«Хива шаҳрида 21та маҳалла мавжуд, бундан ташқари, 12та чиқинди ташлаш ўчоғи бор. Айни пайтда корхонамизда чиқинди йиғишга мўлжалланган 7та махсус машина бор. Маҳаллаларда ҳафтасига 2 марта чиқинди йиғишни ташкил қилганмиз.

Ўчоқлар бўйича эса муаммо бор. Улар аҳоли кўп истиқомат қиладиган ҳудудларда бўлгани сабабли, ҳар куни тозаланиши лозим. Бироқ, махсус техника етишмовчилиги бунга йўл бермаяпти. Тез орада яна 2та махсус машина оламиз, шунда ишимиз анча енгиллашади», - деди Умид Аминов.

Аҳоли кўп истиқомат қиладиган ҳудуддаги чиқинди ташлаш ўчоғи муаммоси уни ўз вақтида тозалаш билан буткул ҳал бўлмайди. Бу борада бир қанча тадбирларни изчил амалга ошириш лозим.

Биринчидан, аҳоли томонидан чиқиндиларни ўчоқ ичига ташланиши таъминланиши шарт. Биз кузатган вазиятда чиқиндилар ўчоқ атрофига ташланаётгани, айниқса, бу иш ёш болалар томонидан кўпроқ қилинаётганини кўрдик. Ўчоқ атрофида чиқиндиларни ташқарига ташламаслик ҳақида огоҳлантириш борлигига қарамай, унинг атрофи чиқиндилар билан тўлиб кетган.

Бу борада маҳалла фуқаролар йиғини раиси аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини йўлга қўйиши лозим эди. Бундан ташқари, қарс икки қўлдан чиқади деган иборага асосан, қоидабузарлар расман маъмурий баённома орқали жаримага тортилиши шарт. Чиқиндини ўчоқдан ташқарига ташланиши муаммосининг бошқача ечимини кўрмаяпмиз.

Иккинчидан, Хива шаҳрида 21та маҳалла ва 12та ўчоқни чиқиндидан тозалаш учун 9та махсус машина етарли бўлармикан? Бунга гумон бор. Махсус машиналар сонининг оптимал вариантини қайта ҳисоблаб кўриш керак. Чиқиндилар ўчоқдан ҳар куни олиб кетилишини таъминлаш зарур.

Учинчидан, ўчоқларни замонавий чиқинди контейнерлари билан таъминлаш керак. Аҳоли зич истиқомат қиладиган жойларда чиқиндиларнинг очиқ осмон остида ётишига барҳам бериш зарур.

Хива шаҳри нафақат Ўзбекистоннинг, балки дунёнинг тарихий дурдонасидир. Биз бу шаҳарни озода сақлашимиз ва обод қилишимиз шарт.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид