Ўзбекистонда пластик, шиша ва алюминий ичимлик идишларини алоҳида йиғиш ва қайта ишлашга топширишни рағбатлантирувчи пилот лойиҳа ишга туширилди. Бу ҳақда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги хабар берди.
Лойиҳа агентлик ҳамда Норвегиянинг чиқиндиларни автоматик йиғиш ва саралаш технологиялари билан шуғулланувчи TOMRA компанияси ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.
Аҳоли пластик, шиша ва алюминий ичимлик идишларини махсус фандоматларга топшириб, ҳар бир идиш учун 150 сўм олиши мумкин (идиш пачақланмаган, бўш ва максимал уч литрли ўлчамда бўлиши зарур).
Фандоматнинг остки қисмида пластик, шиша, алюмин идишлар учун алоҳида учта контейнер жойлаштирилган. Қабул қилинган алюмин, пластик идишлар контейнерларга пресслаб жойланади, уларнинг ҳар бирига 20 мингтадан зиёд идиш сиғади. Шиша идишлар эса ўз ҳолича йиғилади.


Маблағ Click электрон ҳамёнига ўтказиб берилади.
Шунингдек, фойдаланувчилар пулни хайрияга йўналтириши мумкин. Бунда йиғилган идишларни сотишдан тушган маблағлар хайрия мақсадлари ва дарахт экиш ташаббусларига сарфланади.
Бундай фандоматлардан биринчиси экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг Тошкент шаҳридаги асосий биноси олдига ўрнатилган.

«Фандоматлар ичимлик идишларини бошқа маиший чиқиндиларга аралаштирмасдан алоҳида йиғиш ва уларни қайта ишлаш имкониятини яратади. Сараланган материаллардан иккиламчи хомашё олиниб, янги маҳсулотлар ишлаб чиқаришда қайта фойдаланиш мумкин. Бу эса табиий ресурслардан фойдаланишни камайтириш ҳамда чиқиндиларнинг кўчалар, сув ҳавзалари ва полигонларга тушишини қисқартиришга хизмат қилади», – дейилади агентлик матбуот хизмати хабарида.
Ҳозирча бундай фандомат Тошкент шаҳридан ташқари Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида ҳам ўрнатилган.


















