Президент Шавкат Мирзиёев 10 сентябр куни чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш, уларни қайта ишлаш ва электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишди.
2026–2027 йилларда чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича Хитой компаниялари билан ҳамкорликда олтита инвестиция лойиҳасини амалга ошириш белгиланган. Уларнинг умумий қиймати 933 миллион долларни ташкил этади.
Лойиҳалар Қашқадарё, Самарқанд, Тошкент, Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида амалга оширилмоқда.
1 сентябр ҳолатига кўра, лойиҳалар доирасида 286,8 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилган. Маҳаллий маҳсулот ва хизматлар хариди 76,6 миллион долларга етган, қурилиш ишларига эса 2 минг нафар маҳаллий ишчи жалб қилинган.
Қашқадарё ва Самарқанддаги заводларни 2026 йилда, қолган тўрт ҳудуддаги қувватларни эса 2027 йилда ишга тушириш режалаштирилган.
Олтита корхона тўлиқ қувватда ишлай бошлагач, йилига 3,6 миллион тонна қаттиқ маиший чиқинди қайта ишланиб, 1,6 миллиард кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бу полигонларга тушадиган юкламани камайтириш ва “ноль чиқинди” тамойилига босқичма-босқич ўтишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Тақдимотда Сингапур, Жанубий Корея ва Хитой компаниялари иштирокида яна бешта истиқболли лойиҳа ҳам кўриб чиқилди. Уларнинг умумий қиймати 625 миллион доллар бўлиб, Қорақалпоғистон, Жиззах, Сурхондарё, Бухоро ва Хоразмда амалга оширилиши назарда тутилган.
Ушбу бешта лойиҳа амалга оширилса, йилига яна 1,9 миллион тонна маиший чиқинди қайта ишланиб, 635 миллион кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Шунингдек, 500 та янги иш ўрни яратилиши, 158 миллион куб метр табиий газ тежалиши ва иссиқхона газлари чиқиндилари 316 минг тоннага камайиши кутилмоқда.
Президент лойиҳаларни жадаллаштириш, инвесторлар учун зарур инфратузилма ва ташкилий шароитлар яратиш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ҳамда кадрлар тайёрлашга эътибор қаратиш бўйича топшириқлар берди.
Шунингдек, Green University, Самарқанд давлат университети ва Қарши давлат университети билан ҳамкорликда чиқинди ёқиш заводлари учун 1 минг нафар мутахассисдан иборат кадрлар захирасини шакллантириш вазифаси белгиланди.















