Telegram мулоқот учун жуда қулай платформа. Россиялик дастурчи Павел Дуров томонидан 2013 йилда фойдаланишга тақдим этилган ушбу мессенжер кенг имкониятлари, гуруҳ ва канал бошқаруви, текин хизмат, ўзига хос дизайни билан оммавий мулоқот воситасига айлана олди. Хусусан, бугунги кунда Ўзбекистонда ҳам ушбу мессенжер кенг мулоқот майдонига айланган.
Албатта, мессенжерлар ҳақида фикр билдирганда маълумотлар хавфсизлигига ҳам алоҳида тўхталиш зарур.
Охирги йилларда кўплаб мамлакатларда маҳаллий мессенжерлар яратиш орқали уларнинг хизматлари ўзлаштирилаётгани инобатга олинса, келажакда ушбу хизматларнинг ҳам маҳаллийлашишини тахмин қилиш мумкин.
Республикамизда ҳам маҳаллий мессенжерларни яратиш ва ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш бўйича бир қанча ҳуқуқий асослар яратилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 14 августдаги “Глобал интернет ахборот тармоғида миллий контентни янада ривожлантириш чора тадбирлари тўғрисида”ги № 625 сонли қарорнинг комплекс дастурида “Миллий мессенжерлар яратиш ва ривожлантириш” ишлари ҳам ўрин олган .
Мавзуни бежиз мессенжерлардан бошламадик. Бир неча кун аввал келажакда Ўзбекистон учун асосий мулоқот воситаси сифатида Telegram ўрнини боса олиши мумкин бўлган Pager номли дастур ва ушбу дастурнинг мобиль иловаси яратилгани ҳақида эшитдик.

Ҳўш, Pager ўзи қандай дастур ва мулоқот воситаси сифатида ҳақиқатдан ҳам Telegram ўрнини эгаллай оладими? Ушбу мавзулар юзасидан “ORIENT SOFTWARE TEAM” компаниясининг асосчиларидан бири, дастур яратувчиси Анвар Каримов билан суҳбатлашдик.
- Дастлаб жамоангиз ва дастур ҳақида маълумот берсангиз.
Анвар Каримов:
-Жамоамиз дастурий маҳсулотлар яратиш билан шуғулланади. Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, компаниямиз ходимлари турли хил дастурий маҳсулотлар яратиш бўйича катта тажрибага эга ёшлар ҳисобланишади. Жумладан, икки йилдан буён дунёда оммавий ҳисобланган мессенжерлар, уларнинг самараси ва қўшимча имкониятларини ўрганиш устида иш олиб бормоқдамиз. Мақсад-Ўзбекистон учун қулай, хавфсиз, иқтисодий жиҳатдан самарали оммавий мулоқот дастурини яратиш ва ташқи интернет харажатларини камайтириш.
Pager дастурида матн, расм, контактлар, медиа файлларни юбориш, шунингдек барча фойдаланувчиларни қизиқтирувчи аудио ва видео қўнғироқларни амалга ошириш имкониятлари мавжуд.








