Павел Дуров ушбу баёнотни Telegram иловаси 4 август куни тунги соатларда App Storeʼдан вақтинча олиб ташланиб, бир неча соатдан кейин яна қайта тикланганидан сўнг эълон қилди.

Унинг сўзларига кўра, Appleʼнинг қарорига Telegram фойдаланувчисининг оммавий чатда «ноқонуний порнографик контент» мавжудлиги ҳақидаги шикояти сабаб бўлган. Бироқ Дуровнинг таъкидлашича, шикоят қилган шахснинг ўзи айнан шу контентни жойлаштирган.

Telegram асосчисининг айтишича, фирибгар эски хабарни таҳрирлаш имкониятидан фойдаланиб, сунъий интеллект ёрдамида тайёрланган ноқонуний материални хабар ичига жойлаштирган. Натижада мазкур контент гуруҳ иштирокчиларига кўринмай қолган ва улар уни ўз вақтида аниқлаб, шикоят қилиш имконига эга бўлмаган.

Дуровга кўра, бу ҳаракатнинг асосий мақсади гуруҳ эгаларини шантаж қилиш бўлган. Унинг таъкидлашича, жиноятчилар автоматлаштирилган аккаунтлар — ботлар орқали оммавий гуруҳларга ноқонуний материал жойлаштириб, кейин эса Appleʼга мурожаат қилиб, ушбу гуруҳларни ёптириш билан таҳдид қилади. Агар гуруҳ эгалари товламачилар талаб қилган маблағни тўлашдан бош тортса, уларнинг ҳамжамиятини ўчиртиришга ҳаракат қилинади.

Telegram асосчиси Apple мазкур қарорни қабул қилишдан аввал мессенжер маъмурияти билан боғланмаганидан афсус билдирган. Унинг фикрича, бундай ҳолат ҳар қандай илова ишлаб чиқарувчиси билан ҳам содир бўлиши мумкин.

Аввалроқ Apple вакили Telegramʼнинг вақтинча ўчирилишига изоҳ бериб, текширув давомида болаларга нисбатан жинсий зўравонликка оид материаллар аниқланганини маълум қилган эди. Компания баёнотига кўра, ушбу контент платформадан ўчирилган ва уни жойлаштирган фойдаланувчи блокланганидан кейин Telegram яна App Storeʼга қайтарилган.

Павел Дуров эса ноқонуний порнографик материаллар Telegram учун тизимли муаммо эмаслигини таъкидлаб, платформадаги модерация тизими самарали ишлаётганини билдирди.