Россия Сурияга С-300 зенит-ракета мажмуалари етказиб беришни бошлашга қарор қилди. Бу ҳақда 24 сентябрь куни Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бу мажмуа Сурия Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини мустаҳкамлайди. Шойгу суриялик ҳарбийлар ушбу ҳарбий техникани 2 ҳафта ичида қабул қилиб олишини қўшимча қилди.
«Суриялик ҳарбийларга икки ҳафта ичида замонавий С-300 зенит-ракета мажмуалари етказиб берилади. Бу тизим 250 км масофадан йўлланаётган ракетани бартараф этишга, бир вақтнинг ўзида бир нечта нишонни йўқ қилишга қодир», деган Шойгу.
Шойгу Сурия ҳарбийлари бу тизим орқали россиялик ҳарбийларнинг самолётларини осон аниқлай олишини маълум қилди.

Фото: Вадим Савицкий / РИА Новости
Бу қарор Россия Федерацияси президенти Владимир Путин томонидан тасдиқланган. «Путин самолёт ҳалокати учун масъулиятни Исроил зиммасига юклади ва президентга (Башар Асад) Россия Сурия Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини ривожлантиришда ёрдам кўрсатишини маълум қилди. Саудия Арабистонига ҳам С-300 етказиб берилади», дейилган Сурия президенти матбуот хизмати хабарида.

Фото: SERGEI BOBYLEV/TASS
Қайд этиш керакки, Россия С-300 зенит-ракета мажмуаларини Сурияга Латақияда суриялик ҳарбийлар русларнинг Ил-20 русумли ҳарбий самолётини адашиб уриб тушириши ортидан жўнатмоқда. Россия Ил-20 ҳалокатида Исроилни айблаганди.
Россия Мудофаа вазирлиги Исроилнинг F-16 қирувчи самолётлари Сурия зенит ракеталаридан қочиш мақсадида, Хмеймим аэродромига қўниш учун тайёргарлик кўраётган Ил-20 самолёти орқасига атайлаб яширингани ҳақида маълум қилди.
Россия томони билдиришича, Исроил ҳарбий қўмондонлиги икки давлат ўртасида тузилган шартномага амал қилмасдан Суриянинг ғарбий қирғоқларига уюштирилаётган ҳаво ҳужуми ҳақида жуда кеч ва чалғитувчи хабар (аввалига Исроил Сурия шимолида амалиёт ўтказишини хабар қилганди) юборган. Бунинг оқибатида Россия ҳарбий кучлари айнан ўша дамда осмонда бўлган разведка самолётини жанговар ҳаракатлар зонасида олиб чиқишга улгурмай қолган.
















