ФИФАнинг амалдаги президенти Жанни Инфантинога қарши чиқаётганлар келаси йили ташкилот раҳбарлиги учун бўлиб ўтадиган сайловда Лондоннинг “Арсенал” клуби собиқ бош мураббийи Арсен Венгерни унга рақиб сифатида кўришмоқда, деб ёзади The Times.

Қайд этилишича, улар 76 ёшли Венгерни ФИФА президентлигига сайловда ўз номзодини қўйишга кўндиришга умид қилишмоқда. 

Венгер “Арсенал” тарихидаги энг муваффақиятли мураббий ҳисобланади. Жамоа унинг қўл остида уч марта мамлакат чемпиони бўлган ва етти марта Англия Кубогини қўлга киритган. У 2019 йилдан буён ФИФАнинг футболни глобал ривожлантириш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келмоқда.

ФИФА президентлигига сайлов 2027 йилнинг мартида бўлиб ўтади. Инфантино ФИФАни 2016 йилдан бери бошқармоқда ва навбатдаги муддатга сайланишни режалаштирган. Шунингдек, “Тоттенхэм” ва Швейцария миллий жамоаси собиқ ҳимоячиси Рамон Вега ҳам ташкилот раҳбарлигига сайловда ўз номзодини қўйиш истагини билдирган.