Президент Шавкат Мирзиёев 30 сентябрь куни Тошкентда Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси (ФИФА) раҳбари Жанни Инфантинони қабул қилди.
2027 йилда Ўзбекистон ва Озарбойжонда 20 ёшгача бўлганлар ўртасидаги футбол бўйича жаҳон чемпионатини ўтказиш учрашувнинг асосий мавзуси бўлди.

ФИФА билан футболни оммалаштириш, айниқса, ёшлар орасида ушбу спорт турига қизиқишни янада кучайтиришга қаратилган қўшма дастурларни илгари суриш борасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Шерикликни, аввало, футболни ташкил этиш ва бошқариш тизимини трансформация қилиш, ёш истеъдодларни кашф этиш ва уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш ҳамда мураббийлар, ҳакамлар, менежерлар, спорт шифокорлари ва техник мутахассисларни халқаро савияда тайёрлаш йўналишларида янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистонда ФИФА турнирлари ва тадбирларини ташкил этиш ҳамда Тошкент шаҳрида федерациянинг минтақавий ваколатхонасини очиш жараёнини жадаллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
















