Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров БМТ Бош ассамблеясининг 73-сессияси натижаларига бағишланган матбуот анжуманда Россия Сурияга С-300 ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимларини етказиб беришни бошлаганини маълум қилди.   

Фото: REUTERS

24 сентябрда Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Ил-20 самолёти Сурия яқинида уриб туширилгандан кейин С-300 тизимлари Сурияга икки ҳафта ичида етказиб берилишини маълум қилганди. У ушбу тизимлар Суриянинг жанговар имкониятларини сезиларли мустаҳкамлашини айтган. 

Шойгу Москва бир неча йил аввал С-300’ларнинг Дамашққа етказиб берилишини тўхтатиб қўйганини, бироқ ҳозирда вазият ўзгаргани ва шуни тақозо қилаётганини айтган. У, шунингдек, Россия Исроилнинг Ил-20’нинг фалокатига олиб келган ҳаракатларига жавобан чоралар кўришга мажбурлигини таъкидлаб ўтган. 

Кремлда С-300’ларнинг етказиб берилиши учинчи давлатларга қарши эмас, балки Суриядаги россиялик ҳарбийларни ҳимоялаш истаги билан боғлангани айтилган.

Россия ташқи ишлар вазирлигида ушбу тизим Суриянинг зарур бўлган жойларида ҳаво ҳудудини ёпишга имкон беришига ишонч билдирилган.