Жамият | 14:45 / 16.10.2018
27881
3 дақиқада ўқилади

«Юқоридан келган топшириқ». Каттақўрғондаги мактабда ўқитилмаган фан учун имтиҳон олинган

«Kun.uz» таҳририятига Самарқанд вилояти, Каттақўрғон тумани Каттакўрпа қишлоғида яшовчи фахрий педагог Ҳалима Расуловадан мурожаат келиб тушди.

Мурожаатда тумандаги 55-умумтаълим мактабида директор ва ўқитувчилар томонидан ёшлар тарбияси ва уларнинг билим олиши масаласида қўпол хатоликларга йўл қўйилаётгани қайд этилган.

Хусусан, ўтган ўқув йили якунида мактабда инглиз тили фани ўқитилмаса-да, 6-8-синф ўқувчиларидан мазкур фандан имтиҳон олингани келтириб ўтилган.

Сайт мухбири ушбу мурожаатни жойига бориб ўрганди.

Мухбир билан суҳбатда мактаб директори Қ.Ризаев 2017-2018 ўқув йилида инглиз тилидан дарслар ўтилмаган бўлса-да, 6-8-синф ўқувчиларидан имтиҳон олингани, имтиҳон инглиз тили фани ўқитувчиси бўлмагани туфайли нафақада бўлган, айни пайтда таълим тизимида ишламайдиган Зебо Шодиева томонидан ўтказилганини тасдиқлади.

«Ҳақиқатан ҳам ушбу жараён қонуний асосда расмийлаштирилмаган. Яъни, на мактаб педагогик жамоасининг умумий йиғилиш қарори ва на буйруқ чиқарилган. Юқоридан келган топшириқни бажариш мақсадида ўқувчилардан йил давомида ўқитилмаган инглиз тили фанидан имтиҳон олганмиз», – дейди Қ.Ризаев.

Мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари М.Жўраевнинг таъкидлашича, мазкур топшириқ туман халқ таълими бўлимининг собиқ раҳбари  А.Шодиев томонидан берилган.

Ўрганиш давомида ҳақиқатан ҳам йил давомида ўтилиши лозим бўлган инглиз тили фанидан умуман дарс олиб борилмагани, аммо синф журналларида якуний баҳо қўйилгани аён бўлди.

Ушбу масалага Каттақўрғон туман халқ таълими бўлими мутасаддиларидан изоҳ сўралди.

«Мактабнинг 6-8-синф ўқувчиларидан ўқитилмаган инглиз тили фанидан имтиҳон олиниши мактаб раҳбариятининг қўпол хатосидир. Давлат таълим стандартларига кўра, имтиҳон мактаб директорининг буйруғи асосида белгиланган қоидаларга кўра ўтказилиши керак эди. Бу жараёнда нафақада, айни пайтда инглиз тили фани ўқитувчиси сифатида ҳеч қаерда ишламайдиган Зебо Шодиева имтиҳон олиш ваколатига эга эмас», – дейди туман халқ таълими бўлими масъул ходими А.Тилавов.

Мактаб директори бу масалани мактабда ўқитувчи кадрлар етишмаслиги билан изоҳлади ва бу муаммоларни келгусида бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар олиб борилаётганини билдирди.

Аммо йил давомида ўқувчилар учун зарур бўлган фан бўйича умуман дарс ўтилмагани ачинарли ҳол, албатта. Бу таълим сифатига жиддий таъсир ўтказиши тайин.

Зеро, ўтиб кетган вақтни ортга қайтариб бўлмайди. Халқ таълими тизимидаги мутасаддилар бу масала ечимига янада жиддий ёндашишига умид қиламиз.

Бардошбек САМАД ўғли.

Мавзуга оид