Пентагон вакили Шон Робертсоннинг маълум қилишича, АҚШ Суриядаги Дайр-аз-Зор вилояти ёнида жойлашган лагерда америкаликлар гаровга олингани ҳақидаги маълумотга эга эмас. Бу ҳақда РИА «Новости» хабар бермоқда.

Унинг қўшимча қилишича, Пентагонга ҳам кўп сонли гаровга олинганлар ҳақида маълумот келиб тушмаган. Аввалроқ, Россия президенти Владимир Путин ИШИД террорчилари томонидан асирга олинган 700 киши ҳақида маълум қилганди, улар орасида Европа мамлакатлари ва АҚШ фуқаролари ҳам борлиги иддао қилинади.

«Ўтган ҳафта Дайр-аз-Зор яқинига кўчирилган одамларнинг лагерига ҳужум амалга ошгани ҳақидаги маълумотни тасдиқладик. Бироқ, бизда президент Путин билдирганидек, кўп сонли гаровга олинганлар ҳақидаги маълумот йўқ. Бу ахборотнинг ҳақиқийлигига шубҳа билан қараяпмиз. Шунингдек, биз АҚШ фуқаролари ўша лагерда бор ёки йўқлигини аниқ билмаймиз», - деди Робертсон.

У Россия томонининг Сурияда АҚШ бошчилигидаги коалиция ҳаракатлари самарасиз бўлганига доир баёнотларига қўшилмади. Унинг билдиришича, «коалиция аввал ИШИД томонидан назорат қилинган ҳудудларнинг 99 фоизидан кўпини озод қилди».

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ОАВ АҚШ Суриядаги ҳарбий миссияда нимага эътибор қаратишини маълум қилганди.