Ўзбекистон Республикаси президентининг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги” фармони ва 2017 йил 18 июлдаги “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги” қарорига мувофиқ Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида таҳсил олаётган, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаол аъзоси бўлган талабаларни моддий қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги низом ишлаб чиқилган.
Унга кўра, тўлов-контракт асосида бакалавриат босқичига ўқишга қабул қилинган талабалар 2-босқичдан бошлаб, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан тўлов-контрактининг 35 фоизини тўлаб берилиши орқали моддий қўллаб-қувватланиш ҳуқуқига эга бўладилар.
Мазкур моддий ёрдамга иттифоқнинг фаол аъзоси бўлган олий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратура босқичларида ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи 86 фоиз ва ундан юқори балл тўплагани талабалар эга бўлиши мумкин. Бунда уларнинг ёшлар Кенгаши томонидан ташкил этиладиган лойиҳа ва тадбирлардаги фаол иштироки, фан олимпиадалари ва спорт мусобақаларида эришган натижалари, ташкилотчилик ва етакчилик қобилияти, илмий ва ижодий фаолиятда эришган натижалари, ўқишдаги аъло баҳолари инобатга олинади.
Ўтган йилги тўлов-контракт миқдори мисолида оладиган бўлсак, тўлов-контакт 8 миллион 800 минг сўм бўлган бўлса, унинг 35 фоизи 3 миллион 80 минг сўмни ташкил қилади. республикадаги 73 та олий таълим муассасаларидаги тўлов-контракт асосида таҳсил олаётган, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаол аъзоси бўлган 3279 нафар талабалардан 1967 нафарига худди шу тўлов-контракт пулининг 35 фоизи тўлаб берилди.
Бу жами 4 967 915 364,95 сўмни ташкил қилади.
Талабалар нима дейди?

Шаҳзод Ҳасанов, Самарқанд давлат университети Жисмоний маданият факультети 2 босқич талабаси: — Самарқанд вилояти Иштихон туманида туғилганман. Ёшлигимда отамдан айрилиб, 4 та ўғил ва oнам қолдик.
Ўқишга кирганимда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг фаолияти билан танишдим ҳамда Иттифоқ томонидан биз каби талаба-ёшларга бериладиган имтиёзларни жуда катта қувонч билан кутиб олдим. Айниқса, ўзлаштириш кўрсатгичи 86 фоиз ва ундан юқори бўлган ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаол аъзоси бўлган талабаларнинг шартнома пулларини 35 фоизини Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан тўлаб берилиши мен учун жуда катта имконият ва таянч бўлди.














