Истанбулдаги учинчи аэропортнинг биринчи босқичи очилиш маросими бугун, 29 октябрь куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған иштирокида бўлиб ўтади.

Дунёнинг энг йирик аэропортни қуриш бўйича тендерда Limak-Kolin-Cengiz-MaPa-Kalyon компаниялари консорциуми 26,14 миллиард евролик таклиф билан ғалаба қозонди.

Маросим маҳаллий вақт билан соат 16:30да бошланади ва унда турли мамлакатларнинг 50дан зиёд юқори мартабали вакиллари иштирок этадилар. Улар орасида Албания президенти Илир Мета, Қатар амири Тамим бин Ҳамад Ол Соний, Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков, Косово президенти Ҳошим Тачи, Шимолий Кипр Турк Республикаси президенти Мустафо Оқинжи, Македония президенти Георгий Иванов, Молдованинг президенти Игорь Додон, Покистон президенти Ариф Алви , Сербия президенти Александр Вучич, Судан президенти Умар Ҳасан Аҳмад ал Башир, Босния ва Герцеговина бош вазири Денис Звездич, Болгария бош вазири Бойко Борисов, Словения бош вазири ўринбосари ва инфратузилма вазири Аленка Братушек, Грузия ТИВ раҳбари Давид Залкалиани, Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф бор.
Ўзбекистондан маросимда бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов иштирок этиши режалаштирилган.

Фуқаролар сўнгги тайёргарлик ишлари олиб борилаётган очилиш маросими жойига йиғилишмоқда. Аэропортга йўлда Туркия Республикасининг асосчиси Мустафо Камол Отатурк ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг портретлари ўрнатилган.
Аэропорт ҳудудида президент Эрдўғаннинг қуйидаги сўзлари ёзилган плакатлар ўрнатилди: «Бу шунчаки аэропорт эмас, ғалаба рамзидир».
























